Мирзиёев Ғазода зўравонликларни зудлик билан тўхтатишга чақирди
Олам
−
06 Июль
8026Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ғазо секторидаги зўравонликларни зудлик билан тўхтатишга, тинчлик жараёнларини тезроқ бошлашга чақирди. Бу ҳақда у бугун, 6 июль куни Шушадаги Туркий Давлатлар Ташкилотининг норасмий саммитида сўз очди.
“Тўққиз ойдан буён Ғазо секторида кечаётган қонли уруш оқибатлари бизни чуқур қайғу ва изтиробга солмоқда. Тўқнашувлар 40 мингга яқин аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар ҳаётига зомин бўлганини ҳеч бир сабаб ва баҳона билан оқлаб бўлмайди. Биз зўравонликларни зудлик билан тўхтатишга, тинчлик жараёнларини тезроқ бошлашга чақирамиз”, дейди Мирзиёев.
Унинг айтишича, мустақил ва озод Фаластин давлатининг ташкил этилиши Яқин Шарқда стратегик барқарорлик ва тинчликни таъминлашнинг энг асосий шартидир.
Шунингдек, Мирзиёев Афғонистондаги вазиятга ҳам эътиборини қаратди.
“Минг афсуски, жаҳоннинг бошқа минтақаларида уруш ва можаролар кучайиб бораётгани оқибатида ён қўшнимиз бўлган ва кўп миллионли туркий халқлар истиқомат қилаётган Афғонистондаги вазият халқаро ҳамжамият эътиборидан четда қолиб кетмоқда”, дейди Ўзбекистон раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон афғон халқига зарур ёрдам кўрсатишни бундан буён ҳам давом эттиради.
“Афғонистоннинг хориждаги “музлатилган” молиявий активларини қайтариш мамлакатдаги ижтимоий вазиятни юмшатишга хизмат қилишига ишонамиз. Янги воқелик шароитида Афғонистон масаласи бўйича Ташкилотимиз аъзоларининг умумий ва якдил ёндашувларини ишлаб чиқиш масалалари ташқи ишлар вазирларимиз мулоқотларида асосий муҳокама мавзуси бўлиши лозим”, дейди Мирзиёев.