Мирзиёев ҳам Ғалаба парадида қатнашиш учун Москвага жўнаб кетди
Жамият
−
08 Май 2023
15836Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан амалий ташриф билан Москва шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Ташриф дастурига мувофиқ Мирзиёев Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этади.
Тадбирларда Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Арманистон етакчилари ҳам қатнашиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтгача Россияда Ғалаба кунида Путин билан парадни томоша қилиш учун Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Москвага етиб борган. Шунингдек, Россия Президенти Ғалаба парадини биргаликда нишонлаш учун Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳаммедовга таклиф билдирганди. Бундан ташқари, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам Ғалаба кунига бағишланган тадбирларда иштирок этиши айтилди.
Шунингдек, Путин 9 май арафасида Молдова ва Грузиянинг давлат раҳбарларидан ташқари барча МДҲ давлат етакчиларини табриклагани ҳақида хабар қилинди.