Чегара масалаларини узил-кесил ҳал қилдик – Мирзиёев
Жамият
−
31 Март
5687Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров бугун, 31 март куни Хўжандда уч мамлакат маданият ва санъат усталарининг концертида қатнашди.
Шавкат Мирзиёев ўз сўзида биродар халқларни баҳорий янгиланиш байрами Наврўз ва муборак Рамазон ҳайити билан чин дилдан қутлади.
“Бугун халқларимиз учун ҳақиқатан ҳам катта ва узоқ кутилган байрам. Биз уч давлат чегараларининг туташ нуқтаси ҳақидаги тарихий шартномани имзоладик. Бундан буён чегаралар – биродарлик чизиқлари, янги имкониятлар, бунёдкорлик ва ҳамкорлик маконидир”, деди Президент.
Уч мамлакат халқларининг муқаддас тупроғи, дини, тақдири бир, ташвиш-у қувончлари, интилишлари ўхшаш экани таъкидланди. Энди бу гўзал заминни бугунги ва келажак авлодлар муносиб ва бахтли яшаши учун биргаликда обод қилиш бурчдир.
Қайд этилишича, кейинги йилларда умумий сиёсий ирода туфайли мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда улкан ижобий ўзгаришлар юз берди.
Бугун Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида шартнома кучга кирди. Билдирилишича, яқин кунларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ҳам шундай ҳужжат имзоланади.
Таъкидланишича, савдо, инвестициялар, юк ташиш, фуқароларнинг борди-келдиси изчил кўпайиб бормоқда. Муваффақиятли кооперация лойиҳалари сони ошмоқда.
Бугунги музокараларда ишбилармонлик ва маданий алмашинувлар учун қулай шароитлар яратиш, тўғридан-тўғри парвозлар сонини кўпайтириш, чегараолди ҳудудлардаги шаҳарлар ўртасида янги автобус йўналишларини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилгани қайд этилди.
Шунингдек, маданий тадбирлар, ижодий фестиваллар, ёшлар форумлари, спорт мусобақаларини мунтазам ўтказиб боришга алоҳида эътибор қаратилди.
“Санъат чегара билмайди, унинг буюк вазифаси одамларни бирлаштириш. Уч мамлакатнинг истеъдодли санъат усталари ижросидаги бугунги концерт ҳам маданиятларимизнинг бойлиги, ранг-баранглиги ва муштараклигини яна бир бор намойиш этади”, деди сўзининг якунида Ўзбекистон Президенти.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Шавкат Мирзиёев, Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзолаган ҳамда уч давлат раҳбарларининг Қўшма декларацияси қабул қилганди. Шундан сўнг, давлат етакчилари уч мамлакат давлат чегаралари туташган ҳудудда Дўстлик стеласини тантанали равишда очганди.
LiveБарчаси