Метан “заправкалар” фаолиятига чеклов киритилади
Жамият
−
09 Декабрь
32539Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (газ “заправкалар”) фаолиятига қисқа муддатли чеклов киритилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Билдирилишича, сўнгги кунларда республика ҳудудига совуқ ҳаво оқими кириб келиши натижасида энергия ресурсларига бўлган талаб сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бугунги кунда аҳолининг табиий газ кунлик истеъмоли ўтган ҳафтадагига нисбатан 20 фоиз, электр энергияси истеъмоли эса 15 фоиз ортган.
Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган талаби кескин ошиб, республика газ транспорт тизими объектлари максимал қувватларда ишлашига, шу жумладан, газни ер ости сақлаш омборларидан режалаштирилган максимал кунлик газ олинишига ва тармоққа узатилишига қарамай, қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилмоқда.
“Биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини (тиббиёт, мактаб, мактабгача таълим, олий таълим муассасалари ва бошқалар) табиий газ билан таъминлаш устувор вазифамиз эканлигини инобатга олиб, ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ишлаб чиқилган режа-графикларга мувофиқ, истеъмол юқори бўлган айрим ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (газ “заправкалар”) фаолиятига қисқа муддатли чеклов киритилиши режалаштирилмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бу бўйича вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари расмий ахборот манбаларида тегишли тартибда маълумот бериб борилиши йўлга қўйилади.
Шунингдек, аҳолига ёнилғи қуйиш, газ тўлдириш ҳамда электр қувватлаш шохобчалари ҳақида онлайн маълумот бериб бориш мақсадида ишлаб чиқилган “Avto24” иловаси ёрдамида шохобчалар фаолияти билан боғлиқ барча маълумотларни онлайн режимда кузатишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркманистондан Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажми оширилиши айтилган эди.
LiveБарчаси