“Мени кутинг, мен қайтаман”. Озодликка чиққан Шукуров яна қамалди

3-саҳифа

image

Жорий йил баҳорда Тошкент шаҳридаги тунги клуб олдида эркакни бир уриб, комага тушириб қўйган Акмал Шукуров апелляция инстанция судининг 9 декабрдаги ажрими билан озодликка чиққан эди. Шундан сўнг Тошкент шаҳар прокуратураси тафтиш тартибида протест киритди. Бу ҳақда Олий суд маълум қилди.

Тошкент шаҳар прокуратураси протестда Акмал Шукуровга нисбатан апелляция суди томонидан чиқарилган ажримни бекор қилишни сўраган. Шунингдек, протестда Акмал Шукуровга биринчи инстанция суди жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг ҳукмини ўзгартириб, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан тайинланган жазони ўзгартириб, Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “е” банди ва 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўзгаришсиз қолдириш сўралган.

Бугун, 18 декабрь куни мазкур жиноят иши Тошкент шаҳар судининг 3 нафар судьядан иборат тафтиш ҳайъати томонидан қайта кўриб чиқилиб, прокуратура протести қаноатлантирилган. Эълон қилинган ажримга кўра, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгартирилган ҳамда апелляция инстанция судининг ажрими бекор қилинган.

Акмал Шукуровга Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят доирасида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланганлиги сабабли ушбу кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шунингдек, Акмал Шукуровга Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” банди билан тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан тайинланган 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси аслича қолдирилиши белгиланган.

Шу тариқа, Акмал Шукуровга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Унинг қамоқда сақланган кунлари тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 5 йил 3 ой 12 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилди.

Тошкент шаҳар судининг ушбу ажрими устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинган.

Ўзи нима бўлган эди?

Жорий йил 16 март куни тунги соат 02:30 ларда Яккасарой туманида жойлашган ресторанлардан бирида мижоз сифатида келган 1995 йилда туғилган Акмал Шукуров ўзининг таниши 1985 йилда туғилган Х.А. билан ўрталарида келиб чиққан низо сабабли ўзаро жанжаллашган. 1990 йилда туғилган Б.А. уларни ажратишга ҳаракат қилган вақтида Акмал Шукуров уни уриб, тан жароҳати етказган. Оқибатда Б.А. “бош мия жароҳати, ўнг юзидан лунжи йиртилган жароҳати ва спиртдан заҳарланиш” ташхиси билан шифохонага олиб борилган.

Акмал Шукуров эса қочиб кетди ва қидирувга берилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида у Қозоғистон Республикасида ушланди ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.

Акмал Шукуровга Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “е“ банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а”, “г” бандлари, 4-қисми “а” банди, 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан айблов қўйилди  ва иш жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилди. 24 октябрь куни жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланди. Суднинг ҳукми билан Акмал Шукуров Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “е” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанция судининг 9 декабрдаги ажрими билан суд ҳукми ўзгартирилиб, судланувчи озодликка чиқарилди. Судланувчига узил-кесил 4 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Акмал Шукуровнинг 2025 йил 21 март кунидан 2025 йил 9 декабрь кунига қадар қамоқда бўлган 263 кунини тайинланган жазодан чегириб, узил-кесил ўташ учун 3 йил 3 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилган. Судланувчига танланган қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у дарҳол суд залидан қамоқдан озод қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент тунги клуб Акмал Шукуров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг