Тунги клубда эркакни бир уриб, комага тушириб қўйган йигит озодликка чиқди

3-саҳифа

image

Жорий йил баҳорда Тошкент шаҳридаги тунги клуб олдида жанжал чиқиб, одамларни ажратишга ҳаракат қилган фуқаро калтак ейиши оқибатида бош мия жароҳати, ўнг юзидан лунжи йиртилган жароҳати ва спиртдан заҳарланиш ташхиси билан шифохонага ётқизилганди. Ушбу фуқарони урган эркак суд ҳукми билан 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Декабрь ойида эса суд ҳукми ўзгартирилиб, судланувчи озодликка чиқарилди. QALAMPIR.UZ Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанция судининг 9 декабрдаги ажрими билан танишди. 

Унга кўра, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг жорий йил 24 октябрдаги А.Ш.га оид ҳукми ўзгартирилди.

Судланувчига узил-кесил 4 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. А.Ш.нинг 2025 йил 21 март кунидан 2025 йил 9 декабрь кунига қадар қамоқда бўлган 263 кунини тайинланган жазодан чегириб, узил-кесил ўташ учун 3 йил 3 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилган. Судланувчига танланган қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у дарҳол суд залидан қамоқдан озод қилинган.

Шунингдек, ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг, судланувчи А.Ш.дан жабрланувчи фойдасига 2 млрд 694 млн сўм ундириш қисми бекор қилинган. Судлар департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими ҳисоб рақамига шу миқдордаги пулдан 2 млрд 301 млн сўм қисми жабрланувчига етказилган моддий зарар ҳисобига қаратилган. Қолган 392 млн сўм қайтарилган. Жабрланувчивга етказилган зарар тўлиқ қопланган деб эътироф этилган. Жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги қайд этилган.

Ўзи нима бўлган эди?

Жорий йил 16 март куни тунги соат 02:30 ларда Яккасарой туманида жойлашган ресторанлардан бирида мижоз сифатида келган 1995 йилда туғилган А.Ш. ўзининг таниши 1985 йилда туғилган Х.А. билан ўрталарида келиб чиққан низо сабабли ўзаро жанжаллашган. 1990 йилда туғилган Б.А. уларни ажратишга ҳаракат қилган вақтида А.Ш. уни уриб, тан жароҳати етказган. Оқибатда Б.А. “бош мия жароҳати, ўнг юзидан лунжи йиртилган жароҳати ва спиртдан заҳарланиш” ташхиси билан шифохонага олиб борилган.

А.Ш. эса қочиб кетди ва қидирувга берилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида у Қозоғистон Республикасида ушланди ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.

А.Ш.га Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “е“ банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а”, “г” бандлари, 4-қисми “а” банди, 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан айблов қўйилди  ва иш жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилди. 24 октябрь куни жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланди. Суднинг ҳукми билан А. Ш. Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “е” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент тунги клуб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг