Мелони Самарқандга келди
Жамият
−
28 Май 12982 1 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Италия Республикаси Бош вазири Жоржия Мелони бугун, 28 май куни расмий ташриф билан Самарқандга келди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Самарқанд халқаро аэропортида Бош вазирни шахсан Президент Мирзиёев кутиб олган.
Олий мартабали меҳмон шарафига икки давлат байроқлари кўтарилган ва фахрий қоровул саф тортган.
Ташрифнинг асосий тадбирлари эртага, 29 май куни бўлиб ўтади.
Олий даражадаги музокаралар ва бошқа қатор икки томонлама тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Мелони аввалига 25-27 апрель кунлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтадиган саммитда иштирок этиш учун Ўзбекистонга, кейин эса Қозоғистонга боришни режалаштирган эди. Бироқ 21 апрель куни Рим папаси Францискнинг вафоти ва ундан кейинги мотам тадбирлари туфайли ташрифлар қолдирилди.
30 май куни эса Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Италия Бош вазири Жоржия Мелони иштирокидаги биринчи саммит бўлиб ўтади.
Live
Барчаси