МДҲ давлатлари Мирзиёев томонидан таклиф этилган дерадикализация дастурини қабул қилди
Олам
−
09 Октябрь
16942Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган 2025–2027 йилларга мўлжалланган дерадикализация соҳасида ҳамкорлик дастурини қабул қилди.
Ҳужжат 2020 йил декабрь ойида бўлиб ўтган саммитда эълон қилинган Шавкат Мирзиёев ташаббусини амалга ошириш мақсадида Терроризм ва экстремизмнинг бошқа кўринишларига қарши курашиш муаммоларини ўрганиш бўйича базавий ташкилот ҳамда МДҲга аъзо давлатларнинг Терроризмга қарши маркази томонидан ишлаб чиқилган.
Дастур радикализмнинг пайдо бўлиши ва тарқалишига ёрдам берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган. Унинг асосий вазифалари Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасида ушбу йўналишдаги ҳамкорликнинг халқаро ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш, ўзаро ҳамкорлик амалиётини ривожлантириш, давлатларнинг радикализация соҳасидаги фаолиятини ахборот-таҳлилий ва илмий-услубий таъминлашдан иборат.
“Ҳамдўстлик фаолиятининг энг муҳим йўналиши хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилишни таъминлашдан иборат. Бунда ваколатли органлар ва ихтисослаштирилган хизматлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик муҳим роль ўйнайди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан тайёрланган дерадикализация соҳасида бугун биз қабул қилаётган ҳамкорлик дастурини алоҳида таъкидламоқчиман. У радикал ва экстремистик оқимларнинг қонунийлаштирилишининг олдини олишга, конфессиялараро мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган”, деган Россия Президенти Владимир Путин МДҲ саммитида.
Шунингдек, МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг қарори билан 2027 йил Ҳамдўстликда “Ҳуқуқий таълим йили” деб эълон қилинди. Бу аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, МДҲ мамлакатлари фуқароларига уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиришга қаратилган қатор тадбирларни амалга ошириш ҳамда қонунга ҳурматга асосланган барқарор жамиятни шакллантиришга ҳам ҳисса қўшади.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, фуқаролик мақсадларида сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги Баёнотни қабул қилди. Ҳужжатда жамият ва давлат ҳаётининг асосий жабҳаларига сунъий интеллект технологиялари тобора кўпайиб бораётгани қайд этилиб, жамият ва давлат ҳаётининг турли жабҳаларида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш устидан давлат назорати, инфратузилма, жумладан, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун рақамли технологияларни янада такомиллаштириш муҳимлиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 октябрь куни Москвада Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари экспертлари ва таҳлилчиларининг учрашувларини мунтазам ўтказиш ҳамда навбатдаги конференцияни Самарқанд шаҳрида сунъий интеллектни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказишни таклиф этганди.
LiveБарчаси