Мирзиёев Самарқандда сунъий интеллект бўйича конференция ўтказишни таклиф қилди
Жамият
−
08 Октябрь
7025Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари экспертлари ва таҳлилчиларининг учрашувларини мунтазам ўтказиш ҳамда навбатдаги конференцияни Самарқанд шаҳрида сунъий интеллектни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказишни таклиф этди. Бу ҳақда у бугун, 8 октябрь куни Москвада Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида сўз очди.
Мирзиёев ўз нутқида Россиянинг Ҳамдўстликдаги раислиги даврида кўп томонлама ҳамкорлик барча йўналишларда ривожланганини юқори баҳолади.
“МДҲ мамлакатларининг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш билан боғлиқ вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари ва ваколатли идораларининг тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бугунги таҳдидларга қарши курашиш усулларини такомиллаштириш, киберхавфсизликни таъминлаш соҳасида келишилган чоралар ҳамда дастурий ҳужжатларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, ҳамкорликнинг иқтисодий йўналишида биргаликдаги фаолиятни кучайтириш устувор вазифа экани қайд этилди. Билдирилишича, Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 16 фоизга ошган. Муваффақиятли саноат кооперациясига кўплаб мисоллар мавжуд.
“МДҲ тармоқ кенгашлари ва қўмиталари фаолиятини фаоллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Келгуси йил баҳорида Тошкент шаҳрида "Иннопром" халқаро саноат кўргазмаси доирасида МДҲ Иқтисодий кенгаши йиғилиши ва Инновацион ривожланиш форумини ўтказиш таклиф этилди”, дейилади хабарда.
Яқинда бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари етакчи таҳлилий марказларининг Тошкент конференцияси натижаларини ҳисобга олган ҳолда, узоқ муддатли шерикликнинг янги устувор йўналишларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Хусусан, интернет технологиялари ва “катта маълумотлар” индустриясини ривожлантириш, рақамли ечимларни жадал жорий этиш, креатив иқтисодиёт, яшил энергетика ва ядро технологиялари, иқлим муаммолари ва бошқалар шулар жумласидан.
Гуманитар алмашинувларни кенгайтириш мақсадида Ҳамдўстлик давлатлари маданияти кунларини ўтказиш таклиф қилинди. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш, таълим, санъат, кино, туризм ва спорт соҳаларида қўшма тадбирлар дастурини ҳар йили тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.
Самарқанд ва Тошкентни тегишлича Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти ва ёшлар пойтахти деб эълон қилиниши доирасидаги лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда шахмат ва футбол бўйича ёшлар жамоалари ўртасида МДҲ очиқ кубоги мусобақалари ўтказилади. Якунда Ўзбекистон Президенти Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонни 2025 йилда ташкилотга раисликни қабул қилгани билан табриклади.
Саммит якунида МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича бир қатор битим ва қарорлар қабул қилинди.
Маълумот учун, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида ўтган саммитда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Республикаси резиденти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, шунингдек, МДҲ бош котиби Сергей Лебедев қатнашди. Кун тартибига мувофиқ, кўп қиррали муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Путин мазкур саммитда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг барча давлатлари Халқаро рус тили ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани тез орада ратификация қилишини кутаётганини айтганди.