Масжиддаги газ портлаши ортидан жиноят иши қўзғатилди
3-саҳифа
−
01 Апрель 2025 8200 2 дақиқа
Кеча, 31 март куни тушдан кейин Андижон вилоятидаги “Аҳмадали ҳожи” жоме масжидида содир бўлган газ портлаши ортидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси маълум қилди.
Аниқланишича, Избоскан туманида жойлашган “Аҳмадали ҳожи” масжидининг таҳоратхона биноси ертўласида иситиш мосламаларига уланган газ қувурларидан сизиб чиққан табиий газ хона ичига тўпланиб қолиши оқибатида электр энергияси ёқилган вақтда чақнаш содир бўлиб, бино қулаб тушган.
Оқибатда бино ичида бўлган 10 нафар шахс турли даражада тан жароҳати олган ва 3 нафар шахс воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-(Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 259- (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Билдирилишича, тергов ҳаракатлари давомида барча ҳолатлар тўлиқ ўрганилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 31 март куни соат 12:19 да “Мирзо Улуғбек” МФЙ ҳудудида жойлашган “Аҳмадали ҳожи” жоме масжидида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлгани ҳақида Андижон вилояти ФВБга хабар келиб тушганди. Зудлик билан айтилган манзилга 2 та қутқарув отряди ва 2 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган. ҳодиса содир бўлгани хабар қилинганида водийда бўлиб турган Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Ботир Қудратхўжаев Избоскан туманига етиб борганди. Кейинроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳам воқеа жойига жўнаб кетди. Бахтсиз ҳодиса ортидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди.
Live
Барчаси