Машина олиб қочган 2 йигит ИИО ходимини пичоқлади
3-саҳифа
−
09 Август 8462 2 дақиқа
Сирдарё вилоятида Cobalt машинасини олиб қочган 2 нафар йигит Тошкент вилоятида уларни тўхтатган ички ишлар органи ходимини пичоқлади. Бу ҳақда “Миллар” хабар берди.
Маълум бўлишича, йигитлар Самарқандда Cobalt’га йўловчи сифатида минган. Улар Сирдарё вилоятида ҳайдовчи ҳожатхонага кириш учун тўхтаганда машинани олиб қочган. Тезкор хабар асосида Тошкент вилоятида ички ишлар органи ходими машинани тўхтатмоқчи бўлганида йигитлардан бири ходимга ўткир тиғли жисм билан ташланиб, жароҳат етказган. Кўрсатилган тезкор тиббий ёрдам сабабли ходимнинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида йигитлар Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида қўлган олинган. Айни вақтда уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси тайинланган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25,97- (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 267- (транспорт воситасини олиб қочиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида профилактика инспектори чақирув вақтида пичоқланиши оқибатида вафот этганди. Уни пичоқлаган 65 ёшли фуқаро эса қочиб кетиб, жорий йилнинг 4 июль куни қабристондаги маккапоя ичида қўлга олинди.
Кейинроқ эса марҳум профилактика инспектори катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев Ўзбекистон Президентининг тегишли фармонига асосан “Жасорат” медали билан тақдирланди.