Марказий Осиё раҳбарлари ўз табригида Мирзиёевга нималарни ёзди?
Жамият
−
24 Июль 7205 5 дақиқа
Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 68 ёшни қарши олди. Уни Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳам қутлади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Хусусан, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Мирзиёевга йўллаган табригида Ўзбекистон раҳбарини оқилона ва узоқни кўра биладиган раҳбар сифатида эътироф этган.
“Ҳурматли Шавкат Миромонович! Таваллуд кунингиз муносабати билан самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни қабул қилинг! Сизнинг давлат раҳбари сифатидаги бунёдкорона фаолиятингиз Ўзбекистоннинг жадал ривожланиши, унинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш ва фуқаролар фаровонлигини юксалтиришнинг ишончли пойдевори бўлди. Сизнинг оқилона ва узоқни кўра биладиган раҳбарлигингиз остида мамлакат кенг кўламли ислоҳотлар йўлидан дадил олға бормоқда”, деган у.
Тўқаев Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон билан яхши қўшничилик ва ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қатъий интилишини чин дилдан қадрлашини таъкидлаган.
“Ишончим комил, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан икки томонлама ҳамкорликда эришилган ютуқларни янада кўпайтирамиз ҳамда Қозоғистон-Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янги марраларга олиб чиқамиз.
Ушбу қутлуғ кунда сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, битмас-туганмас куч-ғайрат, оилавий бахт-саодат, қардош ўзбек халқи фаровонлиги йўлидаги масъулиятли давлатчилик фаолиятингизда янги зафарлар тилайман”, дейилади табрик матнида.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар – давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, ёшлар ва хотин-қизлар учун янада кенг имкониятлар яратиш, ҳудудларни ривожлантириш, қўшни мамлакатлар билан яқин алоқаларни мустаҳкамлаш ўз самарасини бераётганини қайд этган.
“Ҳурматли Шавкат Миромонович! Сизни туғилган кунингиз билан чин дилдан табриклайман! Сизнинг узоқни кўра биладиган қатъий раҳбарлигингиз туфайли Ўзбекистон иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларда сезиларли ўзгаришларга эришди, халқаро майдонда ўз мавқеини салмоқли даражада мустаҳкамлади”, дейилади Жапаровнинг қутловида.
Жапаров қардош халқлар ўртасидаги яқин ва дўстона муносабатлар, шунингдек, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик бундан буён ҳам изчил мустаҳкамланиб, ривожланиб боришига ишонч билдирган.
“Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, битмас-туганмас куч-ғайрат, узоқ умр, оилавий бахт-саодат, масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва порлоқ келажак тилайман”, дейилади табрикда.
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳам барча давлат раҳбарлари каби Президент Мирзиёевга мустаҳкам соғлик ва улкан зафарлар тилаган.
“Қадрли Шавкат Миромонович! Сизни туғилган кунингиз билан чин қалбимдан табриклайман! Азиз биродарим, ҳаётингиздаги ушбу қутлуғ сана муносабати билан энг эзгу тилакларимни қабул қилинг. Сизга мустаҳкам соғлик, оила аъзоларингиз ва яқинларингиз даврасида узоқ ва бахтли умр, шунингдек, битмас-туганмас ғайрат ҳамда қардош Ўзбекистон халқи равнақи йўлидаги барча режа ва ташаббусларни рўёбга чиқаришда улкан зафарлар тилайман”, деган у.
У Ўзбекистон раҳбарининг минтақавий ҳамкорликни дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч каби мустаҳкам тамойиллар асосида ривожлантириш ва кенгайтиришга қўшаётган улкан ҳиссасини юксак қадрлашини билдирган.
“Тожикистон ва Ўзбекистон халқларининг тарихий яқинлигидан куч олган дўстона муносабатлар ва бунёдкор ҳамкорликни самарали ривожлантириш бўйича сиз билан доимий саъй-ҳаракатларимизни мамнуният билан таъкидламоқчиман. Шу маънода, мен чуқур ишончга асосланган яқин шахсий муносабатларимизга алоҳида эътибор қаратаман.
Ушбу қувончли фурсатдан фойдаланиб, Тожикистон томонининг давлатларимиз ўртасидаги стратегик ва иттифоқчилик шериклигини икки ва кўп томонлама майдонда янада мустаҳкамлаш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришдан доимо манфаатдор эканини таъкидламоқчиман”, деган Раҳмон.
Маълумот учун, бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 68 ёшга тўлди. Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.
Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади. 1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди. 1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.
Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.
Шавкат Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.
У 2016, 2021 ва 2023 йилларда бўлиб ўтган президент сайловларида ғалаба қозониб, Ўзбекистон Президенти этиб сайланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда унинг отаси, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон раҳбарига табрик йўллаганди. Президент Путин эса ўз қутловида Президент Шавкат Мирзиёев икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшаётганини таъкидлаган. Хитой раҳбари Си Цзиньпин Ўзбекистон билан муносабатларга алоҳида эътибор қаратишини айтди. Алиев ўз табригида Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат туфайли Ўзбекистон ҳар томонлама ривожланиб, барча соҳаларда салмоқли ютуқларга эришгани, иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаб, халқаро майдонда катта обрў-эътибор қозонганини таъкидлаган. Эрдўған Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга содиқлигини айтди.
Live
Барчаси