“Арқадағ” ҳам Мирзиёевни табриклади
Жамият
−
24 Июль 3108 3 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 24 июль куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Туркманистон миллий етакчиси давлат раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган.
Шунингдек, жорий йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Шу билан бирга, ўзаро товар айирбошлаш жадал ортиб, корхоналар ва ишбилармонлар даражасида кооперация алоқалари чуқурлашиб бораётгани, фаол маданий-гуманитар алмашинув давом этаётгани мамнуният билан қайд этилган.
Бундан ташқари, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашилган.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд куни муносабати билан хорижий давлатлар, ҳукуматлар, парламентлар, нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий компаниялар раҳбарлари, таниқли жамоат, дин ва спорт арбоблари, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари ва хориждаги ўзбекистонликдан қутловлар келмоқда. Мактубларда Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида аҳоли фаровонлигини ошириш, мамлакат барқарорлиги ва изчил тараққиётини таъминлаш, унинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган ортга қайтмас сиёсий ислоҳотлар ва ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар дастурини самарали амалга ошириш борасида эришилган юксак натижалар қайд этилган.
“Президентимизга мустаҳкам соғлик ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар, Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига эса тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаклари изҳор этилган.
Шунингдек, бугун давлатимиз раҳбарининг кўплаб мамлакатлар етакчилари билан телефон орқали мулоқотлари режалаштирилган”, дейди Асадов.
Маълумот учун, бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 68 ёшга тўлди. Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.
Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади. 1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди. 1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.
Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.
Шавкат Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.
У 2016, 2021 ва 2023 йилларда бўлиб ўтган президент сайловларида ғалаба қозониб, Ўзбекистон Президенти этиб сайланди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни туғилган куни муносабати билан қутлаб, табрик йўллаганди.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь