Мария Захарова Ўзбекистондан кечирим сўрасин – Минҳожиддин Мирзо
Жамият
−
27 Сентябрь
13743Аввалроқ, Тошкентдаги мактабда содир бўлган ҳолат юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Ўзбекистондан изоҳ беришини сўраганди. Захарованинг Ўзбекистон ичидаги воқеага “бурун суқиши”га Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо муносабат билдирди.
"Бу нимаси?! Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Захарова Тошкент мактабларидан биридаги воқеа бўйича тушунтириш сўрабди. Бу ҳаёт, гоҳида тушунмовчиликлар оқибатида айрим шахслар ўртасида келишмовчиликлар бўлиши мумкин. Қонун бор, тартиб-интизом бор. Керакли чоралар албатта кўрилади. Ўзбекистон ўзининг муаммоларини ўзи ҳал қилади. Айбдор жазосини олади. Бу алоҳида масала.
Мени ҳайрон қолдиргани, мактаб Ўзбекистонда, ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам Ўзбекистон фуқароси. Нега мустақил бир давлатда бўлган бир ҳолат учун Москвага тушунтириш берилиши керак?!" дейди Минҳожиддин Мирзо.
У мазкур ҳолат Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш ва халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши экани очиқ ойдин кўриниб турганини урғулади.
"Нима, улар ҳалигача Ўзбекистонни ҳам ўзининг губернияси деб ҳисобламоқдами ё андишанинг отини қўрқоқ деб ўйлашяптими? Бир неча расмий, норасмий шахслари суверенитетимизни шубҳага олди, тарихимизни камситди, вазмин муносабат билдирдик. Мигрантларни билган кўйига соляпти. Индамаган сайин борган сари ҳаддидан ошишяпти.
Мария Захарова бу гаплари учун Ўзбекистондан кечирим сўрасин! Россия Ташқи ишлар вазирлиги бундай ҳурматсизлик учун тушунтириш берсин!" дейди Минҳожиддин Мирзо.
Ўзи нима бўлган эди?
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабида 6-синфида рус тили фани дарсида ўқитувчи Р.О.га ўқувчи Э.Г. гап қайтарган ва тортишиб қолган.
Сўнгра ўқитувчи Р.О. ўқувчи Э.Г.ни қулоғидан чўзган, ўтирган жойидан тортиб олиб чиққан ва ўқувчининг юзига тарсаки туширган. Мазкур воқеа видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиб кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Хусусан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистондан юз берган ҳодисага ҳуқуқий баҳо беришни ва болага нисбатан шафқатсизлик қилган айбдорга қарши чоралар кўришни сўраб, мазкур масала диққат-эътибор марказида тутишини билдирди.
Шундан сўнг, бир қатор ўзбекистонлик расмийлар, хусусан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров, Ўзбекистон журналистика ва оммавий комуникатсиялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ва Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасановлар Мария Захарованинг талабига муносабат билдириб, Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашмасликни, уни мамлакатни ўзи ўз қонунлари доирасида ҳал қилишини айтди.
Бунга жавобан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадовга умумий фуқаролик ва дипломатик одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишга қаратилган тақдимнома киритди.
Кеча, 26 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди. Суҳбат давомида давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиши муҳимлиги таъкидланди.
LiveБарчаси