Орамизга нифоқ солишмоқчи – Захарова Татаристондаги фожиа ҳақида

Олам

image

Украина Қуролли кучлари Нижнекамскдаги хорижликлар истиқомат қиладиган жойга Россия Федерациясининг дўст мамлакатлар билан қардошлик муносабатларига нифоқ солиш учун мақсадли равишда зарба берди. Бу ҳақда Федерация Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг дипломатик идора сайтидаги изоҳида сўз борган. 

Дипломатнинг таъкидлашича, зарба оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти хорижий фуқаролардир (дастлабки маълумотларга кўра, 8 нафар Ўзбекистон ва 1 нафар Тожикистон фуқароси), 20 га яқин хорижлик тан жароҳати олган.

“Киев неонацистлари халқларимиз ўртасидаги биродарлик муносабатларига рахна солиш мақсадида бизга дўст бўлган давлатлар вакилларининг яшаш ва ишлаш жойларига атайин зарба берган”, дея таъкидлади у.

Захарова сўзида давом этаркан, халқаро ҳамжамиятни Зеленский режемининг ҳаракатларини қоралашга чақирди. 

“Украина Қуролли кучларининг террорчилик ҳаракатлари оқибатида нафақат россиялик тинч аҳоли, балки бошқа мамлакатлар фуқаролари ҳам жабр кўрмоқда. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз. Халқаро ҳамжамиятнинг барча аъзоларини укронацистларнинг ваҳшиёна жиноятларини қоралашга чақирамиз”, дейди Захарова.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 10 август куни Татаристон Ҳукумати Матбуот хизмати республика душманнинг учувчисиз учиш қурилмалари ҳужумига учраганини маълум қилганди. Ҳужум оқибатида 13 киши, жумладан, бир нафар бола ҳалок бўлган. 78 киши ёрдам сўраб мурожаат қилган, улардан 25 нафари шифохонага ётқизилган. Украина қуролли тузилмалари томонидан Татаристон Республикасининг саноат ва фуқаролик объектларига уюштирилган террорчилик ҳужуми ортидан Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Республикада мотам эълон қилинди.

Воқеада ҳалок бўлган ўзбекистонликлар 8 нафарни ташкил этмоқда. Мазкур ҳодиса юзасидан Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Бош вазирнинг ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссияси тузилди. Ҳукумат комиссиясига ҳодиса оқибатида жабрланган Ўзбекистон фуқароларининг ҳолидан хабар олиш ва уларга барча зарур ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлган ўзбекистонликларни эса ҳаво транспортида махсус рейс орқали олиб келиш ва тегишли манзилларга етказиш, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш вазифалари юклатилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг