Охирги гапни биз айтамиз – Захарова
Таҳлил
−
16 Январь 9552 4 дақиқа
Яқинда россиялик телебошловчи Соловьёвнинг Марказий Осиё ва Армонистонга билдирган очиқдан-очиқ кескин фикри юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова муносабат билдириб, буни шунчаки унинг шахсий фикри ва саволи деб айтиб, жамоатчиликни ортиқча ваҳимага берилмасликка чақирди. Бу ҳақда Заҳарова 15 январь куни бўлиб ўтган брифингда айтди.
Захарованинг таъкидлашича, кремльпараст пропагандист Владимир Соловьёвнинг Россия Марказий Осиё ва Арманистонга нисбатан “махсус ҳарбий операция” бошлаши мумкинлиги ҳақидаги фикрлари Москванинг расмий позициясини акс эттирмайди. Унинг сўзларига кўра, бу гаплар баёнот эмас, балки савол шаклида билдирилган мулоҳаза бўлиб, айрим таҳлилчилар томонидан провокацион тарзда талқин қилинмоқда. Захарова бундай манипуляцияларга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.
“Мен иқтибосларни ўқиб чиқдим, журналист билдирган фикрлар унинг шахсий фикри. Бу Москванинг расмий позициясини акс эттирмайди. Унинг фикри аслида савол шаклида баён қилинган. Бу баёнот эмас, балки саволдир. Бундан ташқари, бу жумлалар таҳлилчилар томонидан провокацион тарзда талқин қилинаётгани яққол аён. Бундай манипуляциялар билан шуғулланишга шунчаки йўл қўйиб бўлмайди”, дейди Захарова.
Шунингдек, Захарова Соловьёвнинг чиқишлари давлат сиёсатига дахлдор эмаслигини билдириб, расмий баёнотлар фақат ваколатли шахслар томонидан берилишини, “диванда ўтириб гапирадиган таҳлилчилар” эса Россиянинг позициясини ифодалай олмаслигини қайд этди.
“Бу иборалар “диван” таҳлилчилари томонидан очиқдан-очиқ провокацион кўринишда деярли Россиянинг расмий позицияси сифатида тақдим этилган. Яна бир бор таъкидламоқчиманки, расмий нуқтаи назар ваколатли мансабдор шахслар томонидан билдирилади”, деган Захарова.
Бундан ташқари, У Россияни Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё халқлари билан тарихан яхши қўшничилик, стратегик шериклик, иттифоқчилик, биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари боғлаб туришини таъкидлади.
“Гапга эмас, ишга қараб баҳо бериш керак. Неча марта ёрдамга келинди? Неча марта ёрдам ва дўстлик қўли чўзилди? Қайғуга шерик бўлганда, ҳамдардлик билдирганда неча марта энг самимий ҳиссиётлар изҳор қилинди? Қувончни баҳам кўрганда, умумий ғалабаларни ҳамда постсовет ҳудудидаги ҳамкасб ва дўстларимизнинг ютуқларини бирга нишонлаганда неча бор самимий туйғулар намоён этилди? Қанчадан-қанча мураккаб, ечими йўқдек туюлган вазиятлардан биргаликда йўл қидирилди? Неча марта тушунмовчилик ва англашилмовчиликлар бартараф этилди? Провакаторлар чақириғи ва провокацияларга неча марта жавоб қайтарилди? Мана шу нарсаларга қараш керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам “қоқилиб қолмаслик“ ва айниқса, провокацияларга чалғимаслик лозим. Афсуски, улар ҳали кўп бўлади. Шунинг учун, келинг, қандайдир сохта ва ёлғон маълумотларга алданмай, ҳақиқий воқеликни кўрайлик”, деган Мария Захарова.
Қисқасини айтганда, Захарова бундай манипулятцияларга алданмасдан, ҳақиқиқй воқеаларни кўришга чақирди.
Аммо ғишт қолипдан аллақачон кўчиб бўлган эди, яъни мазкур баёнотлар янграгунга қадар Соловьёвнинг чиқишлари Арманистонда аллақачон кескин муносабат уйғотган. Хусусан, Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчиси Сергей Копиркинни чақиртириб, унга норозилик нотасини топширган эди. Арманистон буни “суверенитетга тажовуз” деб баҳолаган.
Бироқ, Марказий Осиё мамлакатларида тегишли идоралар ҳали бу вазият бўйича баёнот бермади, балки жамоатчилик вакиллари ва сиёсатшунослар фикрлари билан чекланилди. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам Соловьёвнинг фикри жамоатчилик орасида кутилганидек норозиликка сабаб бўлди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов Соловьёвнинг чиқишларига муносабат билдириб, унинг гапларини “сафсата”, ўзини эса “нусха” деб атади.
“Соловьёвнинг гапларига тупурдик, унинг империялистик амбицияларига ҳам тупурдик. Биз унга сўзма-сўз таржимада шундай маънони берадиган ўзбекча иборани ўрганишни тавсия қиламиз: бориб, ўз булбулинг билан ўйна”, дейди Бекмуродов.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров эса ўзининг Telegram каналида Соловьёвнинг чиқишларини “бепушт” дея баҳолаб, буни унинг чорасизлиги ва мажруҳлик даражасидан далолат эканини ёзган. Унинг таъкидлашича, рус шовинистларининг бундай баёнотлари янгилик эмас.
“Ўзбекистонда ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш ҳамда барча Ҳамдўст давлатлар билан халқаро ҳуқуқнинг эътироф этилган тамойиллари асосида ҳамкорлик қилиш давлат сиёсатининг устуни бўлиб қолаверади.
Россия ОАВларида тинмаётган баёнотлар икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасидаги муносабатлар руҳига нафақат зид, балки бузувчи таъсир кўрсатмоқда”.
Собиқ депутат Расул Кушербоев эса Бу йўл билан Соловьёв Марказий Осиё давлатларига очиқчасига таҳдидга ўтаётганлигини қайд этиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигини ҳолат бўйича кескин муносабат билдиришга чақирди. Бироқ Вазирлик эса яна доимгидек мум тишлади.
Live
БарчасиПушкиннинг чевараси оламдан ўтди
07 Февраль