Мактабларда болаларга зўравонлик қилишга мойил ўқитувчилар аниқланади
Жамият
−
10 Январь
3094Ўзбекистондаги таълим даргоҳларида болаларга нисбатан зўравонликка мойиллиги бор педагоглар аниқланиб, уларга психологик ёрдам берилиши йўлга қўйилиши мумкин. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида сўз боради.
Дастурга кўра, таълим жараёни иштирокчиларини психологик қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилади. 2025 йил октябригача буллинг, суицид, вояга етмаганлар жиноятини олдини олиш, оқибатларини бартараф этиш бўйича педагог кадрлар учун махсус курс ва дастурлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, ўқитувчиларнинг касбий сўнишининг олдини олиш, стрессларга бардошлилик даражасини оширувчи симулятор ва кейслар яратиш режалаштирилган. Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ушбу масалалар ижроси учун асосий масъул этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги 26-мактабда ўқувчига қўл кўтарган директор ўринбосарига “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилганди.Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса ўтган йилнинг октябрь ойида мактаб ўқувчисини аёвсиз калтакланган информатика фани ўқитувчисига нисбатан интизомий жазо қўлланилган.
LiveБарчаси