Дунёда ҳар беш дақиқада бир бола зўравонлик қурбони бўлмоқда – ЖССТ

Бу қизиқ

−

image

Дунё бўйлаб ҳар йили қарийб 1 миллиард бола жисмоний, жинсий ёки руҳий зўравонликка дуч келади. Ҳар беш дақиқада эса бир бола зўравонлик оқибатида ҳалок бўлади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Шарқий Ўрта ер денгизи минтақавий бюроси маълум қилди.

Қайд этилишича, болаларга нисбатан зўравонлик уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига узоқ муддатли зарар етказиши мумкин. ЖССТ бундай ўлимлар ва зўравонликнинг бошқа оқибатларини олдини олиш мумкинлигини таъкидлаган.

Шунингдек, ташкилот Покистонда болаларга нисбатан зўравонликка барҳам беришга қаратилган 2026–2031 йилларга мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилганига эътибор қаратган. Ҳужжат мамлакатда яшовчи 120 миллион болани ҳимоя қилиш ва зўравонликнинг олдини олиш чораларини кучайтиришни назарда тутади.

ЖССТ ва Покистон Инсон ҳуқуқлари вазирлиги мазкур стратегияни жорий йилнинг 14 октябрь куни тақдим этган. Стратегияга кўра, Покистонда болаларнинг қарийб 80 фоизи тарбия жараёнида зўравонлик усулларига дуч келади. Шунингдек, интернетдан фойдаланувчи 12–17 ёшли ўсмирларнинг ҳар 16 нафардан бири рақамли технологиялар орқали эксплуатация ёки шафқатсиз муносабатга учрайди.

Бундан ташқари, мамлакатда 8,6 миллион бола меҳнатга жалб қилинган. Беш ёшгача бўлган болаларнинг 57 фоиздан ортиғи эса фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида рўйхатдан ўтказилмаган. ЖССТ бундай ҳолат уларнинг зўравонликдан ҳимояланиш имкониятларини чеклаши ва асосий хизматлардан фойдаланишини қийинлаштиришини билдирган.

Миллий стратегия болаларни зўравонлик, бепарволик ва эксплуатациядан ҳимоя қилиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг жамиятга қайта мослашувини таъминлаш тизимини кучайтиришга қаратилган.

ЖССТ, айниқса, кўчирилган оилалар ва мигрантлар фарзандлари каби ҳимояга муҳтож гуруҳларда зўравонлик, эрта никоҳ, одам савдоси ва болалар меҳнатига жалб этилиш хавфи юқорилигини қайд этган.

Ташкилотнинг Покистондаги вакили Ло Дапен мамлакат болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш борасидаги мажбуриятларини амалга оширишда ЖССТ кўмагига таяниши мумкинлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда қизларнинг эрта турмушга берилиши уларнинг таълим олиши, соғлиғи ва келажакдаги имкониятларига таҳдид солаётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг