Макрон ва Си Цзиньпин дастурхон устида нималар ҳақида “гурунглашди”?

Олам

image

Бугун, 7 апрель куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида учрашиб, кечки овқат қилди. Норасмий учрашув давомида ҳам бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар берди.

Гуанчжоудаги учрашувда Хитой раҳбари кўплаб халқаро муаммолар бўйича Франция билан ўхшаш қарашларга эга эканини қайд этган. 

“Хитой-Франция муносабатлари, Хитой-Европа муносабатлари ҳамда кўплаб халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича бир хил ёки ўхшаш қарашларимиз мавжудлигидан жуда хурсандман, бу Хитой-Франция муносабатларининг юксак даражаси ва стратегик хусусиятини акс эттиради”, деган Си Цзиньпин.

Шунингдек, у сўнгги икки кун ичида Пекин ва Гуанчжоуда Макрон билан чуқур ва сифатли мулоқот қилганини айтган. Си Цзиньпин етакчилар ўзаро тушуниш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлагани, Хитой ва Франциянинг икки томонлама ҳамда халқаро миқёсдаги келгуси ҳамкорлиги йўналишларини аниқлаганини таъкидлаган.

“Хитой-Франция кенг қамровли стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқиш учун сиз билан яқин стратегик алоқани давом эттиришга тайёрман”, деган Си Цзиньпин.

Бундан ташқари, кечки овқат пайтида Макронни Хитойга боришининг асосий сабаби бўлган Украинадаги можародан гап очилган. Хитой етакчиси Украинадаги уруш сабаблари мураккаб ва инқирознинг чўзилиши барча томонларга зарар етказаётганини айтган.

“Украина инқирозининг сабаблари мураккаб ва ҳар қандай кечикиш барча томонларга зарар келтиради. Тез орада ўт очиш ва жанговар ҳаракатларни тўхтатиш барча томонлар ҳамда бутун дунё манфаатларига мос келади. Сиёсий келишув вазиятдан чиқишнинг ягона тўғри йўлидир. Хитойнинг бу масалага ёндашуви ҳеч қачон ўз манфаатини кўзламаган, балки ҳар доим ҳалоллик ва адолат тарафдори бўлган”, дея таъкидлаган Си Цзиньпин.

Эслатиб ўтамиз, Франция Президентининг Хитойга давлат ташрифи 5-7 апрель кунлари бўлиб ўтди. 6 апрель куни Си Цзиньпин ва Макрон ўртасидаги музокараларнинг расмий қисми бўлганди, унда Пекин ва Париж ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик, Хитой ва Европа Иттифоқи муносабатлари, шунингдек, Украина инқирози муҳокама қилинганди. Макронга Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳамроҳлик қилган, бироқ у кўпинча иккинчи планга тушуб қолган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Хитой Украина Си Цзиньпин Макрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг