Макрон ва фон дер Ляйен Европа бирлигини кўрсата олмади
Олам
−
07 Апрель 2023
10901Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Хитойга сафар орқали Европа Иттифоқи бирлигини намойиш қилишни мақсад қилган эди. Бироқ Пекинга ташриф бунинг аксини кўрсатди. Бу ҳақда “Politico” нашри хабар берди.
Франция раҳбарини Хитойда парадлар ва зиёфатлар билан қарши олишган бўлса, Еврокомиссия раҳбари эса асосан ёлғиз қолган. Макронни аэропортда Хитой Ташқи ишлар вазири Цинь Ган кутиб олган. Франция Президенти самолётдан қизил гиламли зинапоядан тушган.
Фон дер Ляйен эса оддий йўловчи чиқиш йўлаги орқали чиққан ва уни Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Хуан Раньцю кутиб олган. Еврокомиссия раҳбарининг ташриф жадвали қисқа, Макроннинг сафар жадвали эса турли тадбирларга тўла бўлган.
Таъкидланишича, Хитой Франция Президенти билан музокараларда муваффақиятга эришиш учун кўпроқ имкониятларни кўрмоқда, бунда Европа Комиссияси раҳбарига “маълум даражада бўйсунувчи роль” юклатилган.
“Сигнал аниқ: Пекин учун Брюссель муҳим эмас”, дейилади мақолада.
Эслатиб ўтамиз, 5 апрель куни Франция Президенти Эммануель Макрон Хитойга давлат ташрифи билан борган. Унга Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳамроҳлик қилган. Кеча, 6 апрель куни Пекинда Хитой раҳбари Си Цзиньпин Макрон ва фон дер Ляйен билан музокаралар ўтказганди. Хитой раҳбари ва европалик сиёсатчилар ўртасидаги музокараларнинг муҳим мавзуларидан бири Украина инқирозини ҳал қилиш муаммоси бўлганди.