Макрон Путинга қўнғироқ қилиб, ўз дардини айтди
Олам
−
30 Март 2022
25270Франция Президенти Эммануэль Макрон Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти чоғида Россия Федерациясининг газ учун тўловни рублда тўлаш бўйича талабларини бажаришни имконсиз деб билишини айтди. Бу ҳақда Елисей саройидаги манбага таяниб “Reuters” хабар берди.
Ўтган жума куни Макрон Россия гази учун рублда тўлаш талаби шартномалар шартларига мос келмаслигини айтган. Унга кўра, тўлов шартномада келишилган валютада амалга оширилиши керак. Шу билан бирга, Макрон Европа Иттифоқининг устувор йўналишларидан бири газ нархини пасайтириш эканлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 март куни Россия Президенти Владимир Путин ҳукумат ва Россия Федерацияси Марказий банкига Россия газининг Европа давлатларига етказиб берилиши учун тўловларни рублга ўтказиш бўйича топшириқ берди. Бунга Ғарб давлатларининг Украинадаги уруш ортидан Москвага қарши жорий қилган санкциялари сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Германия канцлери Олаф Шольц ҳам Германия газни рублда сотиб олмаслигини эълон қилди. Унинг ортидан Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам рус газини рублдан сотиб олмаслигини айтди.
Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва “Газпром” компаниясига 31 мартгача Европа Иттифоқи мамлакатлари ва чеклов чораларини жорий қилган бошқа мамлакатларга газ етказиб бериш учун тўлов валютасини ўзгартириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни топширган эди.
Шу ўринда айтиш жоизки, Россия газининг харидорлари ҳисоб-китобларни рублга ўтказиш бўйича турлича позицияни эгаллади. Германия канцлери Олаф Шольцнинг таъкидлашича, шартномаларда хорижий валюталар “асосан евро ва доллар” кўрсатилган. Германия Иқтисодиёт вазирлиги вакили Роберт Северин импорт қилувчилар шартномалар бажарилишини кафолатлашлари шартлигини таъкидлади. Италия бош вазири Марио Драги ҳисоб-китобларни рублга ўтказишни шартномаларнинг бузилиши деб атади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь