Махсус комиссия қарори бу сафар нималарни чеклади-ю нималарга рухсат берди?
Жамият
−
30 Июнь 2020
43570Эпидемиологик вазият ёмонлашганини инобатга олиб, Ўзбекистонга Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси навбатдаги қарорини қабул қилди. Қарор билан баъзи чеклволар қаътийлаштирилган бўлса, эпидемиологик вазият оғирлашган ҳудудлар учун қўшимча чекловлар жорий қилинди.
Қуйида Республика махсус комиссияси қарори билан ўрнатилган янги чеклов ва тартибларга тўхталамиз.
Бозорлар икки кун тозалашга ёпилади, “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда янги чекловлар ўрнатиляпти.
Жумладан, қуйидагилар белгиланди:
• республиканинг барча ҳудудларида йирик буюм бозорлари ҳамда буюм савдоси билан шуғулланадиган йирик савдо мажмуалари ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари санитария-дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ёпилади;
• “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда соат 07:00 дан 23:00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23:00 дан 07:00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади;
• жамоат жойлари ва тадбиркорлик фаолияти объектларида ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаш, уч кишидан ортиқ йиғилмаслик, фуқароларнинг тиббий ниқоб ва қўлқопдан ҳамда антисептик воситаларидан доимий равишда фойдаланиш;
• йўналишларда ҳаракатланаётган автобуслар салонларида санитария-эпидемиология талабларига риоя этиш, шу жумладан, йўловчиларни ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштириш;
• супермаркет ва бошқа йирик дўконларга киришда фуқароларни бепул тиббий қўлқоп билан таъминлаш.
Ўзбекистонда карантин чораларининг кучайтирилиши ортидан 5 июлдан “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда автотранспорт воситалари ҳаракатланишига нисбатан яна чекловлар ўрнатилмоқда.
Хусусан:
• “сариқ” ҳудудларда соат 06:00 дан – 22:00 га қадар;
• “қизил” ҳудудларда соат 07:00 дан – 10:00 гача ва 17:00 дан – 20:00 гача автотранспорт воситаларида ҳаракатланишга рухсат берилади.
Чекловлар билан бир қаторда бир қанча енгилликлар ҳам бериляпти
Коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган давлатлардан (қизил рейслар) Ўзбекистонга кириб келаётган фуқароларга ўз ҳоҳишига кўра 14 кунлик карантин назорати даврини ҳақини тўлаган ҳолда меҳмонхонада ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди.
Унга кўра:
• Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан шакллантирилган рўйхатга киритилган меҳмонхоналар уларга тегишли объектларни 24 соат узлуксиз қўриқлаш бўйича Миллий гвардия билан шартнома тузади;
• ушбу меҳмонхоналарда тиббиёт муассасалари томонидан шартнома асосида кундалик тиббий хизмат ташкил этилади;
• фуқаролар республиканинг халқаро аэропортлари ва чегара ўтказиш пунктларидан меҳмонхоналаргача йўл патрул хизмати вакиллари кузатуви остида транспорт воситалари билан етказилади.
Енгилликлардан яна бири тўй билан алоқадор бўлди. Эндиликда ушбу имконият “қизил” ва “сариқ” ҳудудларга ҳам тақдим этилмоқда.
Қарорда қайд этилишича, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган ҳолда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади. Бунда маросимларда фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар қатнашиши белгиланган.
Энг асосий янгиликлардан бири коронавирус беморларининг тоифаларга ажратилиб, касалликни уйда даволаш тартибини жорий қилиш бўлди.
Комиссия қарорига кўра, коронавирус инфекциясини юқтирган беморлар уч тоифага ажратилмоқда:
• коронавирус инфекциясининг енгил шакллари аниқланган (касаллик аломатларсиз ўтаётган) беморлар;
• коронавирус инфекцияси ўртача оғир кечаётган (тана ҳарорати кўтарилаётган) беморлар;
• коронавирус инфекцияси оғир кечаётган беморлар.
Жорий йил 5 июль санасидан бошлаб коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни даволаш билан боғлиқ қуйидагиларни назарда тутувчи янгича тартиб жорий этилмоқда:
• касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар шифокор тавсиялари асосида, санитария-гигиена қоидалари ҳамда парвариш учун зарур шароитлар мавжуд бўлганда, уй шароитида даволанишига рухсат этилади;
• шифохоналарда ва уй шароитида даволанаётган касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар 10 кун муддатда клиник белгилари кузатилмаган тақдирда назоратдан чиқариш амалиёти жорий этилади;
• коронавирус инфекцияси тасдиқланган бемор билан бирламчи мулоқотда бўлганлар 14 кунлик карантин муддатини уй шароитида ёки тасдиқланган рўйхатга асосан меҳонхоналарда барча санитария-эпидемиология ва карантин чекловларига риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади;
• бирламчи скрининг тест таҳлиллари мусбат натижа берган намуналарни тасдиқлаш таҳлилларини ўтказиш ваколати Бош санитар шифокор кўрсатмаларидан келиб чиқиб ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказларига берилади;
• аҳолининг популяцион маълумотлар базасини яратиш мақсадида коронавирус антитаначаларига ИФА текширишларига, давлат тиббиёт муассасалари билан бир қаторда, хусусий соғлиқни сақлаш секторидаги тиббиёт муассасалари ҳам жалб этилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, белгиланган чекловларни бузиш, қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўришга сабаб бўлади. Шундай экан, чекловларга амал қилиб, ўзингиз ва яқинларингизни асранг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь