Лукашенко ҳам Шавкат Мирзиёевга ўз тилакларини айтди
Жамият
−
24 июл 585 3 дақиқа
Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат аввалида Беларусь етакчиси давлат раҳбарини таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлиқ, туганмас куч-ғайрат, давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар, Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилаган.
Ўзбекистон – Беларусь стратегик шериклик муносабатларини Ўзбекистон Президентининг жорий йил 8-9 июль кунлари Минск шаҳрига амалга оширган расмий ташрифида эришилган келишувларни бажариш доирасида янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Шунингдек, суҳбатда турли даражаларда самарали мулоқотлар олиб борилаётгани мамнуният билан қайд этилган. Билдирилишича, икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда ҳамда устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбарлари мулоқотда фаол тус олган ҳудудлараро ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги таъкидлаган.
Маълумот учун, бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 69 ёшга тўлди.
Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.
Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.
1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатган.
1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланган. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшган.
Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борган.
Шавкат Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланган ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланган.
У 2016, 2021 ва 2023 йилларда бўлиб ўтган президент сайловларида ғалаба қозониб, Ўзбекистон Президенти этиб сайланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистон раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаган эди.
Live
Барчаси