Пезешкиён Шавкат Мирзиёевга сим қоқди
Жамият
−
14:55 2188 3 дақиқа
Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат аввалида Эрон Президенти давлат раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли фаолиятида янги зафарлар тилаган.
Ўзбекистон етакчиси Яқин Шарқ минтақасида кескинлик давом этаётганидан жиддий ташвиш билдириб, айни пайтда вазминликни сақлаш ва мулоқотни қайта тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлигини алоҳида таъкидлаган.
Телефон суҳбати давомида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришга келишиб олинган.
Ўзбекистон ва Эрон етакчилари кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган.
Маълумот учун, бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 69 ёшга тўлди.
Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.
Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.
1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатган.
1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланган. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшган.
Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борган.
Шавкат Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланган ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланган.
У 2016, 2021 ва 2023 йилларда бўлиб ўтган президент сайловларида ғалаба қозониб, Ўзбекистон Президенти этиб сайланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаган эди.
Live
Барчаси