Имомали Раҳмон ҳам Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан қутлади
Жамият
−
24 июл 1263 3 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тожикистон етакчиси давлат раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, дўст Ўзбекистон халқининг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш йўлида битмас-туганмас куч-ғайрат ва янги зафарлар тилаган.
Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Президентининг саъй-ҳаракатлари туфайли бугун мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлидан дадил илгарилаб, халқаро майдондаги нуфузини изчил мустаҳкамлаб бораётганини алоҳида таъкидлаган.
Суҳбатда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
Шунингдек, томонлар Тожикистон Президентининг жорий йил 26-27 март кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвеститсиявий соҳаларда эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.
Етакчилар ўзаро мулоқотда минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган ҳамда бўлажак учрашувлар режасини муҳокама қилган.
Маълумот учун, бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 69 ёшга тўлди.
Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.
Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.
1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатган.
1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланган. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшган.
Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борган.
Шавкат Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланган ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланган.
У 2016, 2021 ва 2023 йилларда бўлиб ўтган президент сайловларида ғалаба қозониб, Ўзбекистон Президенти этиб сайланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаган эди.
Live
Барчаси