Эрдўған Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади
Жамият
−
24 июл 925 3 дақиқа
Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат аввалида Туркия Президенти давлат раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида янги зафарлар тилаган.
Қардош мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилгани, ҳамкорликнинг юқори суръатларда ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилган.
Билдирилишича, товар айирбошлаш ҳажми ўсмоқда, қўшма корхоналар сони ва мунтазам авиақатновлар кўпайиб, истиқболли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шунингдек, маданий-гуманитар тадбирлар ҳам фаол давом этяпти. Жумладан, Хатайда Ўзбекистонга бағишланган мажмуалар очилган, Намангандаги Халқаро мақом санъати фестивали ва Ислом цивилизацияси форумида Туркия томони юқори даражада қатнашган.
Мулоқотда олий даражадаги келишувлар доирасида олдинда турган улкан режа ва мақсадларни биргаликда рўёбга чиқариш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилган.
Давлат раҳбари Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишни таклиф этган.
Маълумот учун, бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 69 ёшга тўлди.
Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.
Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.
1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатган.
1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланган. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшган.
Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борган.
Шавкат Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланган ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланган.
У 2016, 2021 ва 2023 йилларда бўлиб ўтган президент сайловларида ғалаба қозониб, Ўзбекистон Президенти этиб сайланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ўзбекистон раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаган эди.
Live
Барчаси