“Крокус” терактида айбланган 4 тожикистонликнинг ҳибсда қолиш муддати яна узайтирилди (видео)
Олам
−
20 Ноябрь
9713Москванинг Басманний туман суди “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида теракт содир этишда айбланган тўрт нафар шахсни ҳибсда сақлаш муддатини узайтирди. Бу ҳақда Москва умумий юрисдикция судлари матбуот хизмати хабар берди.
Суд тергов органларининг илтимосномасини қаноатлантирган ва Муродали Рачабализод, Муҳаммадсобир Файзов, Фаридуни Шамсиддин, Далержон Мирзоевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини 3 ойга, жами 10 ой 28 суткага узайтирган.
Судланувчиларнинг тўрт нафари ҳам 2025 йилнинг 22 февралига қадар ҳибсда бўлади.
Маълумот учун, Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залига ҳужум жорий йилнинг 22 март куни тахминан соат 20:00 да содир бўлди. Тўрт нафар қуролли шахс концертга келган одамларга қарата ўқ узган, аудиторияга ўт қўйган, сўнг бинони тарк этиб, машинада қочиб кетган. Оқибатда 145 киши ҳалок бўлди, 500 дан ортиқ киши яраланди. 1,7 мингдан ортиқ киши жабрланувчи сифатида тан олинган, 800 дан ортиқ киши гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.
1 ноябрь куни ушбу терактда гумон қилинган яна 4 нафар шахс аниқланди. Уларнинг барчаси мамлакат таркибидаги Ингушетия Республикаси фуқаролари. Улардан икки нафари ҳибсга олинган, яна икки нафари қидирувга берилган. Гумонланувчилар – Ҳусайн Медов, Жаброил Аушев ва Хаваж-Багаудин Алиев Назран туманининг Сурхахи қишлоғида туғилган ва шу қишлоқда рўйхатда туради. Қолган бир нафар гумонланувчи – Ботир Кулаев эса Экажево қишлоғидан экани қайд этилган. Медов (астма касали бор, 2-гуруҳ ногирони) ва Аушев ушланиб, Москвага олиб кетилган. Улар терактда иштирок этганини рад этган, бироқ қурол ва ўқ-дориларнинг ноқонуний савдосига алоқадорлигини тан олган. Алиев ва Кулаев қидирувга берилган.
Ушбу ҳужум замонавий Россия тарихидаги энг йирик терактлардан бирига айланди, ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими бўлган “Вилоят Хуросон” гуруҳи ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари терактни содир этиш ва уюштиришда ёрдам беришда гумон қилинган 18 нафар шахсни қўлга олди, уларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари.
“Коммерсанть”нинг маълум қилишича, концерт залининг икки ходими ҳам Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 238-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш) 3-қисми бўйича жиноий иш бўйича айбланувчига айланган.
Эслатиб ўтамиз, 16 август куни Москванинг Басманний суди “Крокус Сити Ҳолл”да теракт содир этишда айбланган тўрт нафар Тожикистон фуқаросини ҳибсда сақлаш муддатини узайтирганди. Суд ёпиқ эшиклар ортида ўтганди. Тергов органларининг илтимосига биноан Муҳаммадсобир Файзов, Далержон Мирзоев, Муродали Рачабализод ва Фаридуни Шамсиддинни ҳибсда сақлаш муддати 2024 йил 22 ноябрга қадар узайтирилганди.
LiveБарчаси