“Крокус теракти” бўйича янги 4 гумонланувчи аниқланди
Олам
−
02 Ноябрь
11030Россиянинг Москва вилоятидаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида уюштирилган ҳамда 145 кишининг ҳаётига зомин бўлган терактда гумон қилинган яна 4 нафар шахс аниқланди. Бу ҳақда кеча, 1 ноябрь куни “Коммерсантъ” хабар берди.
Нашрга кўра, уларнинг барчаси мамлакат таркибидаги Ингушетия Республикаси фуқаролари. Улардан икки нафари ҳибсга олинган, яна икки нафари қидирувга берилган. Гумонланувчилар – Ҳусайн Медов, Жаброил Аушев ва Хаваж-Багаудин Алиев Назран туманининг Сурхахи қишлоғида туғилган ва шу қишлоқда рўйхатда туради. Қолган бир нафар гумонланувчи – Ботир Кулаев эса Экажево қишлоғидан экани қайд этилган. Медов (астма касали бор, 2-гуруҳ ногирони) ва Аушев ушланиб, Москвага олиб кетилган. Улар терактда иштирок этганини рад этган, бироқ қурол ва ўқ-дориларнинг ноқонуний савдосига алоқадорлигини тан олган. Алиев ва Кулаев қидирувга берилган.
Улар бир гуруҳ бўлиб, олдиндан тил бириктириб, қурол-яроғ ва ўқ-дориларнинг ноқонуний муомаласи ва гуруҳ томонидан содир этилган портловчи қурилма ва моддаларнинг ноқонуний савдоси бўйича айбланмоқда.
Қайд этилишича, ноқонуний қурол савдоси билан шуғулланган 32 ёшли Ҳусайн Медов тожикистонликларнинг илтимосига биноан, ўз каналлари орқали тўртта бўш “Калашников” автоматини қўлга киритиб, уларни уйда жанговар автоматларга айлантирган. Унинг шериги 27 ёшли Ботир Кулаев ватандошига “Крокус”да террорчилар ишлатган “Калашников” автомати ва патронларни етказиб берган. Медовнинг шериклари 23 ёшли Жаброил Аушев ва 31 ёшли Хаваж-Багаудин Алиев қурол-яроғ ва ўқ-дориларни Экажево ва Сурхахи қишлоқлари яқинидаги омборларга етказиб, мижозларга уларнинг координаталарини жўнатган.
Тўртта пулемёт, 68 дона магазин ва 2 мингдан ортиқ ўқ-дорилар Москва вилоятига етказиб берилган. Терговга жалб қилинган шахсларнинг кўрсатмаларига кўра, уларга қурол ва ўқ-дорилар учун 1 миллион рублдан ортиқ пул ўтказиб берилган.
Аушев бундан олдин Россия Жиноят кодексининг 222-моддаси (Қуролни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, ўқ-дориларни қонунга хилоф равишда олиш, топшириш, сотиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки олиб юриш) 3-қисми билан жиноий жавобгарликка тортилган. Бироқ у қамоқда бор-йўғи бир неча ойгина ўтирган. Алиев эса Россия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 20-8-моддаси 4-қисмига биноан маъмурий жазо олган.
Басманний туман суди янги гумонланувчиларнинг ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини жорий йил 22 декабргача узайтирди.
Маълумот учун, “Крокус Сити Ҳолл”даги теракт жорий йилнинг 22 март куни содир бўлган – қуролли шахслар концерт залига бостириб кириб, одамларга қарата ўқ узишни бошлаган. Улар бинога ўт қўйиб, қочиб кетган. Теракт оқибатида 145 киши ҳалок бўлди, 550 дан ортиқ киши жароҳатланди. Ҳужум учун жавобгарликни ИШИДнинг “Вилояти Хуросон” террорчи гуруҳи ўз зиммасига олди. Жами 20 нафар шахсга нисбатан жиноят иши очилиб, айбланувчи сифатида уларнинг 18 нафарига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Қолган 2 нафарига эса яшаш жойини тарк этмаслик мажбурияти юкланган.
Бундан ташқари, терактдан кўп ўтмай, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 293-моддаси (бепарволик)га кўра, “Крокус” ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи ва ушбу объектдаги ёнғин хавфсизлиги учун масъул шахсга нисбатан айблов эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москванинг Басманний суди “Крокус Сити Ҳолл”да теракт содир этишда айбланган тўрт нафар Тожикистон фуқаросини ҳибсда сақлаш муддатини узайтирганди. Тергов органларининг илтимосига биноан Муҳаммадсобир Файзов, Далержон Мирзоев, Муродали Рачабализод ва Фаридуни Шамсиддинни ҳибсда сақлаш муддати яна уч ойга – 2024 йил 22 ноябрга қадар кечиктирилганди. Ушбу шахслар терактнинг бевосита ижрочилари деб ҳисобланмоқда.
LiveБарчаси