Кремль Пригожиннинг самолёти ҳалокатига алоқадор эмас – Песков

Олам

image

Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков “Вагнер” асосчиси Евгений Пригожиннинг самолётининг ҳалокатига Кремлнинг алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни “мутлақо ёлғон” деб атади. Бу ҳақда у бугун, 25 август куни Россия ОАВларига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Ҳозирда ушбу авиаҳалокат ва самолёт йўловчиларининг, жумладан Евгений Пригожиннинг фожиали ўлими атрофида кўплаб тахминлар бор. Албатта, Ғарбда бу тахминларнинг барчаси маълум бир бурчакдан тақдим этилади. Буларнинг барчаси мутлақо ёлғон. Бу масалани ёритишда фақат фактларга асосланиш керак”, деган Песков.

Кремль матбуот котибининг таъкидлашича, Пригожиннинг ўлимини тасдиқловчи экспертиза натижалари ҳозирча йўқ. 

“Агар сиз кеча Россия Президенти [Владимир Путин]нинг баёнотини диққат билан эшитган бўлсангиз, у ҳозирда барча керакли текширувлар, жумладан, генетик текширувлар ўтказилишини айтди. Расмий натижалар [ҳозирча] йўқ. Улар нашрга тайёр бўлиши биланоқ чоп этилади”, дея қўшимча қилган Песков.

Унга кўра, Россия Президенти яқинда Кремлда Пригожин билан ҳеч қандай учрашув ўтказмаган. Шу билан бирга, Кремль матбуот котиби Пригожиннинг дафн маросимида Путиннинг иштироки ҳақида гапиришга эрта эканини билдирган.

“Бу ҳали маълум эмас. Гап шундаки, биз тергов билан боғлиқ зарурий текширувлар ва ҳаракатлар қанча давом этишини ҳали билмаймиз. Шунинг учун, дафн маросими учун саналар аниқ бўлмаган бир пайтда, бу ҳақда гапириш умуман мумкин эмас. Президентнинг жуда банд иш жадвали бор”, дейди Кремль воизи.

Шу билан бирга, Песков “Вагнер”нинг келажакдаги тақдири ҳақида изоҳ беришдан бош тортган. 

“Унутмайликки, бундай тузилма йўқ, де-юре “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси йўқ. Ҳақиқатан ҳам, Президент бир неча бор таъкидлаганидек, “махсус ҳарбий операция” ишига катта ҳисса қўшган “Вагнер” гуруҳи мавжуд. Ва бу одамларнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмайди, Президент шу ҳақда гапирди. Аммо келажакка келсак, мен ҳозир сизга ҳеч нарса айта олмайман, билмайман“, деган Кремль матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, 23 август куни Россиянинг Тверь вилоятида ҳалокатга учраган самолёт бортида “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин ва унинг ҳаммуассиси Дмитрий Уткин бўлгани, бортдаги барча 10 йўловчи ҳалок бўлгани айтилганди. Кеча, 24 август куни Россия Президенти Владимир Путин самолёт ҳалокатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ва Пригожинни истеъдодли тадбиркор, бироқ тақдири оғир инсон бўлгани ва ҳаётида жиддий хатоларга йўл қўйганини қайд этганди. Ғарб давлатлари етакчилари ва расмийлари эса мазкур ҳалокат ортида Путин турганини истисно қилмаслигини билдиряпти. Масалан, Еврокомиссия “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожиннинг ўлими ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа қилаётган бўлса, Польша Бош вазири Матеуш Моравеский эндиликда “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси устидан назорат тўғридан-тўғри Путинга ўтишини тахмин қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Кремль Путин Песков Вагнер Евгений Пригожин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг