Кремль Исроилда кучайган можародан Украинага қарши фойдаланмоқда – ISW
Олам
−
09 Октябрь 2023
16300Кремль АҚШ ва Ғарбнинг Украинага кўмаги ва эътиборини камайтиришга қаратилган бир қанча ахборот операцияларини илгари суриш учун Исроилдаги Ҳамас ҳужумларидан фойдаланган ва бундан кейин ҳам фойдаланишда давом этади. Бу ҳақдаги фикрни Америка урушни ўрганиш институти ўз таҳлилида билдирди.
Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг айтишича, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Россия ишларига аралашиш ва Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишдан кўра “Фаластин-Исроил келишуви” устида ишлаш билан банд бўлиши керак.
Россиялик тарғиботчи Сергей Мардан эса кескинликдан Россия фойда кўришини очиқчасига таъкидлаган, чунки дунё Украинадан бир қанча вақт ўзини чалғитади ва яна Яқин Шарқдаги мангу алангани ўчириш билан банд бўлади.
Институтга кўра, Россия ахборот маконидаги бир қанча асосий манбалар ўзларининг кундалик ҳисоботларини Исроилдаги вазиятга қаратди, бу эса яқин кунлар ёки ҳафталарда Украинадаги уруш атрофидаги ахборот муҳитига таъсир қилиши мумкин.
Шунингдек, “The Wall Street Journal” Фаластиннинг Ҳамас гуруҳи ва “Ҳизбуллоҳ”нинг юқори мартабали вакилларига таяниб, Исроилга ҳужумни тайёрлашда Эрон разведка хизматлари иштирок этган бўлиши мумкинлигини ёзган.
“ҲАМАС жангчиларининг Исроилга ҳужуми Эрон разведка хизматлари ёрдамида бир неча ҳафта олдин режалаштирилган эди”, деб ёзган газета.
Айтилишича, Эрон расмийлари ўтган ҳафта Байрутда фаластинлик жангарилар билан учрашув чоғида ҳужумга яшил чироқ ёққан. Оқ уй эса Теҳроннинг ҳужумга алоқадорлигини тасдиқловчи далилларни ҳали кўрмаганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади. Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. Сўнгги маълумотларга кўра, можаро қурбонлари сони 1100 га яқинлашди.
LiveБарчаси