Кореяда ўзбекистонлик аёл осиб ўлдирилди(ми?)

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Жанубий Кореяга ишлаш мақсадида кетган ўзбекистонлик 26 ёшли аёл уйида ўзини осиб ўлдиргани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида марҳуманинг онаси билан боғланди. 

Бир нафар боланинг онаси бўлган сирдарёлик Нозима уйидан ўлик ҳолда топилган. Кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари унинг ўз жонига қасд қилганини айтмоқда. Бироқ Нозиманинг танасидаги жисмоний зарбалар оқибатида олган оғир жароҳатлар, ҳатто бўғзидан пастга қараб тикилган излар ҳолатга янада шубҳа уйғотган. 

Марҳума аёлнинг онасига кўра, у қизининг ўлими ҳақидаги хабарни 2026 йил 4 февраль куни эрталаб олган. Шунингдек, она қизи ўзини осиб ўлдиргани ҳақидаги маълумотларга ишонмаслигини айтмоқда.

“Ҳеч кимга ишончим қолмади. Биз Кореядаги барча таниганларимиз у тарафга [қизини ўлдирганлар – таҳририят] “сотилиб кетган”. Полиция ҳолат юзасидан хатни кеча, 10 апрель куни чиқарган. Бизнинг Кореядаги адвокатимизга ҳам хатни беришмаган, бундай ҳолатда фақат яқин қариндошларга маълумот тақдим этилар экан. Шу сабабли яқин 2-3 кун ичида Кореяга бораман. Шундан сўнг барчасига ойдинлик киритилади”, дейди марҳуманинг онаси.

Маълумотларга кўра, Нозима Кореядаги ўзбекистонлик меҳнат мигранти – наманганлик 25 ёшли Ш.Ш. исмли эркак билан доимий алоқада бўлиб келган. Воқеа содир этилгандан бир неча соат олдин улар орасида тортишув юз берган ва шундан сўнг аёл Ш.Ш. ни ташқарига кузатиб қўйган. Шу куниёқ Нозима Ш.Ш. нинг дўсти С.Б. га қўнғроқ қилган, қўнғироқ маҳали Ш.Ш. дўстининг ёнида бўлган. Қўнғироқдан сўнг Нозиманинг уйига борган С.Б. уни осилган ҳолда топган.

Яна бир шубҳа уйғотувчи ҳолат – аёлнинг вафоти пайтида ёзиб олинган овозли хабарда бўғилаётгани акс этган ва ёнида бўлган эркаклардан бири Нозимага қарата “ўлиб кетавер” деган. Аёлнинг мурдаси Ўзбекистонга олиб келингач, экспертиза ўтказилган. Олинган маълумотларда тананинг ташқи томондан жароҳат олгани тасдиқланган. Ушбу жароҳатлар ўлимидан олдин ёки ўлимидан сўнг олингани ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ.

Ҳозирга қадар Корея томонидан фақат тиббий экспертиза натижалари берилган, суд тиббий экспертизаси эса берилмаган. Мурданинг ҳолати ниҳоятда ёмон бўлгани учун онаси томонидан Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилинган. Прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси орқали Корея полициясига ҳолат юзасидан хабар қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Баликесир вилоятидан 46 ёшли Дилафрўз Чўлиеванинг жасади топилиб, Ўзбекистонга қайтарилганди. Мазкур жиноятни содир этишда гумонланиб 4 нафар шахс қўлга олинган бўлиб, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 

Шунингдек, олдинроқ Туркиянинг Истанбул шаҳри Шишли туманида чиқинди йиғувчи томонидан ахлат контейнеридан ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимованинг жасади топилган эди.

Кейинроқ мазкур иш доирасида у ўлдирилган Умрониядаги уйда яна бир ўзбекистонлик аёл – Сайёра Эргашалиева ҳам бўлаклаб ўлдирилгани аниқланди.

Бундан ташқари, Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик аёл озарбайжонлик шахс тарафидан жинсий зўравонликка учраганди

Туркиянинг Истанбул вилояти Молтепа туманида 2019 йилда йўқолган деб қидирувга берилган ўзбекистонлик аёл эри томонидан ўлдирилиб, чиқиндига ташлангани аниқланганди

Қолаверса, Туркиянинг Бодрум шаҳрида Ўзбекистон фуқароси бўлган 36 ёшли M.С. уйига кетиш учун минган автомобилда икки эркакнинг жинсий тажовузига учраганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Корея ўзбекистонлик аёл ўлдирилди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг