Кобахидзе Мирзиёев билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашув аввалида меҳмон давлат раҳбарига Грузия Президенти Михаил Кавелашвилининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Учрашув давомида савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-логистика, туризм ва маданият соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Қолаверса, парламентлар ва ҳукуматлар даражасидаги алоқалар фаоллашгани алоҳида мамнуният билан қайд этилган.

“2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш 50 фоизга ошди, қўшма корхоналар сони ва юк айланмаси ҳажми кўпайди. Пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиарейслар амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.

Шунингдек, гуманитар йўналишда ўтган йили Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари муваффақиятли ўтказилгани ҳам қўшимча қилинган.

Суҳбатда шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтган ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишининг якунлари юксак баҳоланган.

Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, экспорт ва импорт мутаносиблигини таъминлаш, саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш, транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудларини иқтисодий ҳамкорликка фаол жалб қилиш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилган.

Қолаверса, рақамлаштириш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги шериклик ва алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

“Эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида келгусида Ўзбекистон ва Грузия ҳукуматлари даражасида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 март куни Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе расмий ташриф билан Тошкентга келганди. Кейинроқ, Кобахидзе Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Қолаверса,  Олий Мажлис Сенатида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув ҳам бўлиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Мирзиёев Кобахидзе

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг