КХДР яна ракета учирди. Бу Жанубий Корея ва АҚШ қўшма машғулотларига жавобми?

Олам

image

Шимолий Корея Япон денгизи томон иккита ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракета учирилганини эълон қилди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг “Yonhap” агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ракеталарни учириш кеча, 14 март куни Жанубий Корея ва АҚШ қўшма машғулотлар бошлаганидан бир кун ўтиб, амалга оширилган. Ушбу ракеталар “ердан-ерга” синфига тегишли бўлган. Қайд этилишича, парвоз масофаси 620 километрни ташкил этган.

Агентлик маълумотларига кўра, Жанубий Корея ва АҚШ разведка хизматлари снарядларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳар томонлама таҳлил қилмоқда. Сеул ракеталарнинг кетма-кет учирилишини нафақат Корея ярим оролида, балки халқаро ҳамжамиятда тинчлик ва барқарорликка путур етказувчи жиддий провокация ҳаракати сифатида қоралади. Жанубий Корея Шимолий Кореяни бундай учиришларни зудлик билан тўхтатишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 февраль куни Пхеньян “Хвасон-15” қитъалараро баллистик ракетасини учирган ва у Шимолий Хоккайдо оролидан 200 км ғарбда жойлашган Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонасига келиб тушганди. Пхеньян Япон денгизи узра ракета учирилиши Шимолий Кореянинг ушбу қуроли қай даражада ишончли эканини кўрсатиш мақсадида уюштирилганини таъкидлади. 

Шунингдек, Шимолий Корея етакчисининг синглиси Ким Ё Чжон ҳам баёнот бериб, АҚШ ва Жанубий Кореяни огоҳлантирган ҳамда Пхеньян душманларининг ҳар бир ҳаракатини кузатиб бориши ва ҳар бир душманона ҳаракатга ўта қатъийлик билан жавоб беришини таъкидлаганди. Кейинроқ, 19 февраль куни Япония ва АҚШ қўшма ҳаво машғулотларини ўтказди. 23 февраль куни эса Шимолий Корея яна Япон денгизи томон тўртта “Хвасал-2” стратегик қанотли ракеталарни учирганди

13 март куни Жанубий Корея ва Америка Қўшма Штатларининг “Озодлик қалқони” қўшма машғулотлари бошланди. Ушбу жараёнлар компьютер симуляцияларига асосланган бўлиб, уларда Шимолий Кореянинг ракета-ядровий таҳдидини ҳисобга олган ҳолда ҳужумни қайтариш ва минтақадаги вазиятни барқарорлаштириш кампаниясини ўтказиш сценарийлари ишлаб чиқилади. Бу йил “Озодлик қалқони” танаффуссиз 11 кун ўтказилиб, 23 мартгача давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Жанубий Корея Шимолий Корея баллистик ракета Япон денгизи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг