Шимолий Корея таҳдиди фонида АҚШ ва Япония қўшма ҳарбий машғулот ўтказди
Олам
−
20 Февраль 2023
5466Шимолий Корея қитъалараро баллистик ракетани Япон денгизи узра учирганидан бир кун ўтиб, кеча, 19 февраль куни Япония ва АҚШ қўшма ҳаво машғулотларини ўтказди. Бу ҳақда Япония Мудофаа вазирлигига таяниб, “Kyodo” ахборот агентлиги хабар берди.
АҚШ Қуролли кучлари, шунингдек, ўша куни Жанубий Корея ҳарбийлари билан алоҳида қўшма ҳаво машқларини ҳам ўтказган.
Вазирлик қўшма штаби маълумотларига кўра, машғулотларда Япония Ҳаво мудофаа кучларига қарашли учта F-15 қирувчи самолёти ҳамда АҚШнинг тўртта F-16 қирувчи самолёти ва иккита B-1B стратегик бомбардимончи самолёти иштирок этган.
Жанубий Корея ҳарбийлари машғулотлар давомида АҚШнинг B-1B бомбардимончи самолёти ва Жанубий Кореянинг F-35A яширин қирувчи самолётлари таркибда учганини маълум қилди.
Жанубий Корея Бош штаб бошлиқлари қўмитаси баёнотида таъкидланишича, машғулотлар Вашингтон-Сеул альянсининг мудофаа қобилиятининг улканлигини кўрсатган ва уларда операцион имкониятлар яхшиланган.
Таъкидланишича, машғулотлар Шимолий Кореянинг яқин орада навбатдаги ядровий ракета синовини ўтказиши мумкинлиги борасидаги хавотирлар фонида ўтказилмоқда.
Корея марказий ахборот агентлигининг хабар беришича, жорий йилнинг 18 февраль куни учирилган ракета Япон денгизидаги очиқ сувларга етиб боргунга қадар қарийб 1000 километр масофани босиб ўтган. Япония ҳукуматига кўра, ракета Хоккайдо яқинидаги эксклюзив иқтисодий ҳудудга келиб тушган бўлиши мумкин.
Япония мудофаа вазири Ясуказу Ҳамада Шимолий Корея учирган ракета нормал траектория бўйича потенциал равишда 14 000 км дан ортиқ масофани босиб ўтиши ва АҚШ материкининг исталган нуқтасига зарба бериши мумкинлигини айтди.
Пхеньян Япон денгизи узра ракета учирилиши Шимолий Кореянинг ушбу қуроли қай даражада ишончли эканини кўрсатиш мақсадида уюштирилганини таъкидлади.
Токио, Вашингтон ва Сеул Пхеньян еттинчи ядро синовини ўтказишга тайёрланаётганидан хавотирда ва улар мамлакат устидан назоратни кучайтирмоқда.
LiveБарчаси