Шимолий Корея Япон денгизига тўртта стратегик ракета учирди
Олам
−
24 Февраль 2023
4207Кеча, 23 февраль куни Шимолий Корея Япон денгизи томон тўртта “Хвасал-2” стратегик қанотли ракеталарни учирди. Бу ҳақда мамлакат марказий ахборот агентлиги маълум қилди.
“4 та стратегик қанотли ракета овал ва саккизсимон траектория бўйлаб 10 минг 224 сония учди. Ракеталар Кореянинг Шарқий денгизи (Япон денгизининг КХДРдаги номи) устидан тахминан 2000 км масофани симуляция қилиб, нишонга тегди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ракеталар мамлакатнинг Шимолий Ҳамгён провинциясидаги Кимчхэк шаҳри яқинидаги базадан учирилган.
Агентликка кўра, машғулотлар мамлакат ядровий жанговар кучларини урушга киришга доимий тайёргарлигини намойиш этди. Бу эса душман кучларга қарши ҳалокатли ядровий ҳужумни амалга ошириш қобилиятини ҳар томонлама мустаҳкамлайди.
Шундан сўнг, ушбу учириш фонида АҚШ ва Жанубий Корея Шимолий Кореянинг ядровий таҳдидларига қарши биргаликда тўхтатиб туришни кучайтириш учун яқин келажакда қўшимча машғулотлар ўтказишга келишиб олди.
Эслатиб ўтамиз, 18 февраль куни Пхеньян “Хвасон-15” қитъалараро баллистик ракетасини учирган ва у Шимолий Хоккайдо оролидан 200 км ғарбда жойлашган Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонасига келиб тушганди.
Кейинроқ Шимолий Корея етакчисининг синглиси Ким Ё Чжон ҳам баёнот бериб, АҚШ ва Жанубий Кореяни огоҳлантирган ҳамда Пхеньян душманларининг ҳар бир ҳаракатини кузатиб бориши ва ҳар бир душманона ҳаракатга ўта қатъийлик билан жавоб беришини таъкидлаганди. Шунингдек, 19 февраль куни Япония ва АҚШ қўшма ҳаво машғулотларини ўтказди.
Шундан сўнг, БМТ Хавфсизлик Кенгаши Шимолий Кореянинг сўнгги ракета учиришлари бўйича йиғилиш ўтказилишини маълум қилди.
LiveБарчаси