Киев ва Москва делегацияларининг олти соатлик музокаралари якунланди

Олам

image

Бугун, 28 февраль куни Москва ва Киев делегациялари Беларусдаги музокараларнинг биринчи босқичини якунлади. Бу ҳақда Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк маълум қилди. Унинг баёнотини Беларуснинг БЕЛТА ахборот агентлиги тарқатди.

Музокаралар олти соат атрофида давом этган. Подолякнинг сўзларига кўра, музокара мақсади Украинада ўт очиш ва ҳарбай ҳаракатларни тўхтатиш бўлган.

“Томонлар устувор мавзуларни белгилаб олди, муайян ечимлар белгиланди. Уларни амалга ошириш учун томонлар ўз пойтахтларида маслаҳатлашиш учун жўнаб кетишади”, деган Подоляк. 

Унинг қўшимча қилишича, делегациялар яқин келажакда музокараларнинг иккинчи босқичини ўтказиш имкониятларини ҳам муҳокама қилган.

Россия делегацияси раҳбари, Президент маслаҳатчиси Владимир Мединскийнинг айтишича, томонлар “умумий позицияларни башорат қилиш мумкин бўлган баъзи нуқталарни топган”. Делегациялар ўз мамлакатлари раҳбарлари билан маслаҳатлашиб, яқин кунларда музокараларни давом эттиради. Кейинги учрашув Польша-Беларусь чегарасида бўлиб ўтади.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

367

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг