Кипр Ғазога гуманитар ёрдам юбориш учун янги коридор очмоқчи
Олам
−
06 Ноябрь 2023
3918Кеча, 5 ноябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Кипр Президенти Никос Христодулидис билан учрашиб, оролдан Ғазо секторига ёрдам етказиш учун денгиз йўлаги яратиш имкониятини муҳокама қилди. Бу ҳақда Кипр ҳукумати вакили Константинос Летимбиотис Х’даги саҳифасида маълум қилди.
Летимбиотиснинг ёзишича, Блинкен ва Христодулидис ўртасидаги Ларнака аэропортида бўлиб ўтган суҳбат чоғида улар бир томонлама махсус денгиз йўлаги яратиш, у орқали Кипрдан Ғазонинг тинч аҳолисига доимий равишда инсонпарварлик ёрдами олиб боришни муҳокама қилган.
Кипр Президентининг ўзи эса Франция, Европа комиссияси ва Исроил денгиз гуманитар коридорини очиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини айтган.
“Шу асосда биз БМТ билан музокаралар олиб бормоқдамиз, чунки ёрдам аҳолига етиб бориши ва ҲАМАС қўлига тушмаслиги учун БМТ орқали юборилади”, дейди Христодулидис.
Президентнинг айтишича, у ўтган ой Европа Иттифоқи етакчилари билан режани муҳокама қилгандан сўнг, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Франция Президенти Эммануэль Макрон билан ҳам мавзу юзасидан фикр алмашган.
"Кипр Республикаси ўз имкониятлари доирасида Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамининг узлуксиз етказилишини таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Биз ҳар қандай вақтда тайёр бўлишимиз ва шароитлар имкон бериши биланоқ, ушбу таклифни амалга оширишни бошлашимиз керак ", дея қўшимча қилган Христодулидис.
Исроил билан инсонпарварлик ёрдами учун сулҳ муҳокама қилинганми, деган саволга у Бош вазир Нетаньяхунинг ўзи бу ташаббусни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
"Биз тафсилотларни муҳокама қилмоқдамиз, чунки Ғазо атрофидаги денгиз зонаси кемаларнинг яқинлашишига имкон бермайди", дейди у.
Эслатиб ўтамиз, 21 октябрь куни Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами юкланган биринчи юк машиналари Рафаҳ назорат пункти орқали анклавга кирганди. Ўшанда 20 та юк машинаси Ғазо чегарасини кесиб ўтгач, ўтиш жойи ёпилганди. Миср ТИВ вакили Аҳмад Абу Зайд Исроил томонидан яратилган тўсиқлар ёрдамнинг Фаластин анклавига етиб боришини қийинлаштираётганини маълум қилган. Абу Зайднинг сўзларига кўра, Ғазога кетаётган барча юклар Исроилнинг Ницана назорат-ўтказиш пунктида белгиланган манзилга етиб боришидан олдин текширилиши керак, бу эса йўналишни тахминан 100 кмга узайтиради.
LiveБарчаси