Гуманитар ёрдам юкланган 50 та машина Ғазога ўтди – ОАВ 

Олам

image

Ғазо сектори аҳолиси учун гуманитар ёрдам олиб кетаётган 50 юк машинасидан иборат карвон Миср чегарасида жойлашган Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали Фаластин анклавига қараб йўл олди. Бу ҳақда “Sada al-Balad” ахборот портали хабар берди.

Унга кўра, гуманитар ёрдам олиб кетаётган автомашиналар аввало Ал-Ужа назорат-ўтказиш пунктига (Исроил томонида – Ницана назорат пункти) кўрикдан ўтиш учун боради, сўнгра Фаластин секторига йўл олади.

Бу Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали Ғазо секторининг жанубий қисмига фавқулодда ёрдам етказилган 11-карвондир. Миср Қизил Ярим Ой Жамияти бундан олдин Ғазога фаластинликлар учун ёрдам сифатида 241 та машина жўнатилганини билдирган.

Миср ТИВ вакили Аҳмад Абу Зайд Исроил томонидан яратилган тўсиқлар ёрдамнинг Фаластин анклавига етиб боришини қийинлаштираётганини маълум қилган. Абу Зайднинг сўзларига кўра, Ғазога кетаётган барча юклар Исроилнинг Ницана назорат-ўтказиш пунктида белгиланган манзилга етиб боришидан олдин текширилиши керак, бу эса йўналишни тахминан 100 кмга узайтиради. Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исроил томонида бюрократик кечикишларга ишора қилган.

“Исроил томони ҳаддан ташқари жиддийлик кўрсатмоқда ва сиёсий баҳоналар ёки хаёлий хавфсизлик сабаблари билан инсонпарварлик ёрдамининг катта қисмини олиб киришни рад этади", дейди Абу Зайд.

Эслатиб ўтамиз, 21 октябрь куни Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами юкланган биринчи юк машиналари Рафаҳ назорат пункти орқали анклавга кирганди. Ўшанда 20 та юк машинаси Ғазо чегарасини кесиб ўтгач, ўтиш жойи ёпилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Миср Фаластин Исроил Ғазо Рафаҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг