ХТВ Андижон вилояти ХТБ бошлиғи ҳибсга олинганига муносабат билдирди
Жамият
−
08 Июнь 2022
14815Аввалроқ Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси тизимида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тўпланган материаллар қонуний баҳо бериш учун Ҳисоб палатаси томонидан вазирликнинг Ички аудит хизмати билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига 2021 йилнинг ноябрь ойида тақдим этилган. Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган.
“Айни дамда жиноят иши доирасида айбдорларни аниқлаш мақсадида бир нечта ташкилот ва идоралар, шу жумладан вилоят халқ таълими бошқармаси мансабдор шахслари ҳам терговга жалб этилганлигини маълум қиламиз.
Халқ таълими вазирлиги тизимда коррупцияга оид ҳатти-ҳаракатларни олдини олиш ва қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар доимий равишда давом этишини маълум қиламиз”, дейилади ХТВ муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 июнь куни Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров ҳибсга олинди. У жиноий шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланмоқда.
Айтиш жоизки, дастлаб Баҳром Ҳайдаров давлат манфаатларига 1 млрд 779 млн сўм зарар етказишда гумонланганди. Андижон шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган жиноят иши доирасида жорий йилнинг 3 февраль куни депутат ва ҳокимни терговга жалб қилиш мақсадида Андижон вилояти прокуратурасига тақдимнома киритилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Баҳром Ҳайдаров ҳокимият ҳузуридаги Ер майдонларини ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссия аъзолари билан гуруҳда Ер кодексининг 17, 23, 62-моддалари, қолаверса, Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарор ҳамда фармойишларига зид равишда жисмоний ва юридик шахсларга аукцион орқали ўзининг ваколатидан қасддан фойдаланиб, ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратилиши ҳақида мутасадди мансабдорларга кўрсатма бергани аниқланган.
Ҳоким аслида бекор қилинган ҳужжатларни асос қилиб кўрсатган ҳолда, комиссия далолатномалари ва ер ажратиш тўғрисидаги қарорларига сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, 2019-2020 йилларда ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги қарор ва фармойишларни қабул қилган.
Кейинроқ Бош прокуратура Баҳром Ҳайдаров Андижон шаҳар молия бўлимида ишлаган вақтида 48 млрд маблағларни талон-торож қилишда гумонланаётганини маълум қилди. Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов ишида 37 нафар шахс айбланиб улардан 32 нафари ҳибсга олинган.
LiveБарчаси