Андижон шаҳри собиқ ҳокимининг ўлимида суднинг адолатсизлиги борми?
3-саҳифа
−
05 Март
20996Олдинроқ, Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров қамоқхонада вафот этгани хабар қилинганди. Эндиликда унинг жазо муддатини ўтаётган пайтида жиддий касалликлар билан оғригани очиқланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
2022 йил 6 июндан бери жазо муддатини ўтаётган маҳкум, собиқ ҳоким Баҳром Ҳайдаров 2022 йил 30 декабрь куни 30-сон тергов ҳибсхонасидан даволаниш учун ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти (ЖИЭД)нинг 23-сон маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонасига (МУИК) олиб борилган.
QALAMPIR.UZ манбасининг хабар беришича, колония бошлиғи Ҳайдаровда бир нечта касалликлар аниқлангани, соғлиги ёмонлашгани сабабли уни Жиноят кодексининг 75-моддасига асосан, жазони ўташдан озод қилиш ҳақида судга тақдимнома берган.
2023 йил 15 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди 23-сонли МУИК биносида ишни кўриб чиққан. Бироқ 23-сон МУИК бошлиғининг маҳкум Баҳром Ҳайдаровга нисбатан келтирилган тақдимномаси рад этилган.
Суд ҳужжатида келтирилишича, Жиноят кодексининг 75-моддасига биноан, шахс жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалиниб қолса, жазони ўташдан озод қилиниши лозимлиги кўрсатилган.
“Суд иш ҳужжатларини текшириб, даволовчи шифокор ва адвокат Э.Носировнинг тақдимномани қувватлаб берган фикрини, прокурорнинг тақдимномани рад қилишни сўраш ҳақидаги фикрини эшитиб, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалининг 2023 йил 2 ноябрдаги Nº230-сонли хулосасида, маҳкум Б. Ҳайдаровга қўйилган ташхис асосли эканлиги ёзилган бўлса-да, бироқ маҳкумнинг мазкур касалликлари уни жазосини ўташга монелик қилаётгани ҳақида кўрсатиб ўтилмаганини, шу билан бирга, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига киришини, ўталмаган жазо муддати 8 йил 6 ой 21 кунни ташкил этишини инобатга олиб, маҳкум Б.Ҳайдаровга нисбатан касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилиш ҳақида келтирилган тақдимномани рад қилишни лозим деб ҳисоблайди”, дейилади ажримда.
Мазкур масала, 2023 йил 30 ноябрь куни Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида ҳам кўрилган. Суд мажлисида раислик қилувчи судья Ражабов биринчи инстанция суди чиқарган ажримни ўзгаришсиз қолдирган.
“Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2023 йил 15 ноябрдаги ажрими ўзгаришсиз, келтирилган хусусий апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. Ажрим узил-кесил ҳисобланиб, шикоят, протест келтиришга йўл қўйилмайди”, дейилади ажримда.
Юқорида биринчи инстанция суди қарорида собиқ ҳокимнинг касаллиги ҳақидаги ҳужжатлар ўрганилгани, РСТЭИАМ Тошкент шаҳар филиалининг хулосасида, маҳкум Б.Ҳайдаровга қўйилган ташхис асосли эканлиги ёзилган бўлса-да, бироқ маҳкумда аниқланган касалликлар унинг жазосини ўташига монелик қилаётгани ҳақида кўрсатиб ўтилмагани ва бошқалар важ қилиниб, 23-сон МУИК томонидан берилган тақдимнома рад этилгани айтилганди.
Баҳром Ҳайдаровнинг ҳимоячисига кўра, келтирилган айнан шу важ сабабли у Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалига собиқ ҳокимда аниқланган касалликлар унинг жазо ўташига монелик қилиш-қилмаслигини аниқлаш мақсадида адвокатлик сўрови билан мурожаат қилади.
Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг адвокатга берган жавоб хатида шундай дейилади:
"2023 йилнинг 2 ноябрида Ҳайдаров Баҳромжон Носирбоевични саломатлик ҳолатини баҳолаш юзасидан комиссион суд-тиббий экспертизаси ўтказилган.
1. Б.Ҳайдаровда экспертиза ўтказилган вақтда аниқланган касалликлар саломатлик ҳолати бўйича унинг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазони ўташига монелик қилади.
2. Б.Ҳайдаровда экспертиза жараёнида аниқланган касалликларнинг мажмуи, уларнинг ривожланганлик даражалари ва асоратларнинг мавжудлиги унда ҳар қандай вақтда оғир (қайтмас) оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан далолат беради”, дейилади экспертиза хулосасида.
Ҳимоячига кўра, у асосли ҳужжатни олиб, Тошкент шаҳар тафтиш инстанциясига мурожаат қилган. Суд 2024 йил 1 февраль куни бўлиб ўтган. Келтирилган барча ҳужжатларга қарамай, тафтиш инстанцияси ҳам биринчи инстанция ва аппеляция инстанцияси суди ажримларини ўзгаришсиз қолдирган.
Марҳумнинг яқинлари QALAMPIR.UZ билан суҳбатда суднинг қароридан норози эканини билдирди.
Маълумот учун, Баҳром Ҳайдаров 2022 йилнинг июнь ойида давлат маблағларини талон-торож қилганликда гумонланувчи тариқасида процессуал тартибда ушланган. У Андижон шаҳар молия бўлимида ишлаган вақтида 48 млрд маблағларни талон-торож қилган. Тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган. Баҳром Ҳайдаров ҳоким сифатида ҳам ер ажратиш билан боғлиқ қонунбузарликлар оқибатида давлат манфаатларига 1,7 млрд сўмдан ортиқ зарар келтиргани маълум қилинган.
2022 йилнинг декабрь ойи охирларида Баҳром Ҳайдаров Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг “а”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.