Мурод Хонтўраевнинг шогирди “авария” қандай бўлганини сўзлаб берди
Интервью
−
21 Июль 2021
57119Хабарингиз бор, жорий йилнинг 19 июль куни "Осиё айиғи" номи билан танилган ММA жангчиси, Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4R-12 автомобиль йўлининг 68-километрида ЙТҲга учраб, воқеа жойида вафот этди.
Хонтўраевнинг вафотидан сўнг, ижтимоий тармоқларда у ҳақида турли гап-сўзлар тарқалмоқда. Кимдир Хонтўраев спиртли ичимлик ичган экан деса, яна бошқа биров Бўстонлиқдаги дўкон эгасига қурол ўқталганини айтиб чиқди. Бу гаплар эса қуруқ бўҳтон экани эса вақт ўтгани сайин ўз исботини топмоқда.
ЙТҲ юз берган куни Мурод Хонтўраевнинг ёнида шогирди, ММА жангчиси Жасур Aнорбоев ҳам бўлган. У ЙТҲ юз бергандан сўнг, зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига етказилган. Хонтўраевнинг дафн маросими ўтганидан кейин эса автомобилда бўлган Анорбоевнинг ҳам комага тушгани, ундан ҳеч ким хабар олмаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. QALAMPIR.UZ бу гапларга ҳам аниқлик киритиш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига етиб бордик.
Жасур Анорбоев билан тўлиқ видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — ЙТҲ оқибатида Мурод Хонтўраевнинг вафот этиши ижтимоий тармоқларда катта шов-шувларга сабаб бўлди ва бу хабар жуда тез тарқалди. Шунингдек, “Мурод Хонтўраевнинг ёнида бўлган бола ҳам вафот этибди ёки аҳволи оғир экан”, деган норасмий хабарлар тарқалиб кетди. Шундан сўнг, “Спортчининг ёнида бўлган шахснинг аҳволи бироз оғир ва шифохонага олиб кетилди”, деган расмий маълумот берилди. Ижтимоий тармоқларда болалаётган баъзи гап-сўзларга нуқта қўйиш мақсадида сизнинг олдингизга келдик. Aҳволингиз у қадар яхши бўлмаса-да, сизни интервьюга таклиф қилдик, бунинг учун узр сўраймиз! Вафот этган инсоннинг ортидан гапириш нотўғри. Aммо турли хил асоссиз гаплар кўпаймаслиги учун сизга бир-иккита савол билан юзланмоқчимиз.
Ўша куни шифохонага олиб келингандаги ҳолатингизни қанчалик эслай оласиз?
Жасур Aнорбоев, Мурод Хонтўраевнинг шогирди: — Тўғриси, шифохонага олиб келишганини умуман эслай олмайман. Эсимда йўқ. Ҳаммаси тез бўлиб кетди. Aкам [Мурод Хонтўраев] ва мен йўлда келаётгандик. Одам барибир таниган инсонига ишонади-да. Машинада тоғга бораётганимизда қандай ишонган бўлсам, қайтаётганда ҳам шундай ишониб, бемалол, хотиржам телефонимни ўйнаб келаётгандим. Нимадир бўлди, шундай олдимга қарадим, Lacetti бизни қисиб қўйди. Давлат рақами ва белгиси эсимда йўқ, лекин Lacetti эди. Биз ўз йўлимизда “ как положение” кетаётгандик, у бизни қисиб қўйди. Уёғини эслай олмайман.
Кейин кўзимни очганимда, тепамда шифокорлар турганди. Бошимни эса тикишаётганди. Мана, кеча ўзимга келдим ва ҳаммасини эсладим. Аллоҳнинг ўзи сақлаб, мени тирик қолдирди. Aкамнинг жойи жаннатда бўлсин. Охиратлари обод бўлсин.
Ф.Н.: — Ижтимоий тармоқларда “Мурод Хонтўраев вафот этганидан кейин ёнидаги дўсти шифохонага олиб кетилди ва унга ҳеч ким аҳамият бермаяпти, аҳволидан ҳеч ким хабар олмаяпти”, деган гаплар ҳам тарқаляпти. Бунга қандай фикр билдирган бўлардингиз? Мана орадан икки кун ўтди. Сиздан кимлар хабар олди ва аҳволингиз қандай?
Ж.A.: — Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, дейишади-ку! Одамлар ҳамма нарсани гапираверади. Мен битта нарсани биламан: Мурод акамдек инсон йўқ эди. У шундай инсон эдики, битта гап билан юрагингизни тешарди. Гапирган гапларидан кейин ўзингиздаги бор кучни чиқариб берасиз.
Камолиддин акам [Камолиддин Бобоев, М.Хонтўраевнинг энг яқин дўсти – таҳр.] келиб, ҳар куни мендан хабар олиб турибдилар. Ўртоқларим ёнимда. Энди ўзимга келдим. Ҳаммаси яхши. Шифокорлар даволашяпти. Аллоҳга шукур, соппа-соғмиз! Ҳамма жойимиз бут.
QALAMPIR.UZ’нинг ММA жангчиси, Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраевнинг вафотига сабаб бўлган ЙТҲ бўйича суриштирувлари давом этади.
Эслатиб ўтамиз, 34 яшар Мурод Хонтўраев олиланинг тўнғич фарзанди эди. У 3 фарзанднинг отаси эди.
Фурсатдан фойдаланиб, QALAMPIR.UZ жамоаси яна бир бор Мурод Хонтўраевнинг оиласи аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.
LiveБарчаси