Хитой Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер бериш қарорини қўллаб-қувватлади
Олам
−
22 Ноябрь
4200Хитой Ғазо секторида содир этилган ҳарбий жиноятлар сабаб Халқаро жиноий суднинг Исроил Бош вазири Биньямин Нетаняху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги воизи Линь Цянь Пекинда ўтказилган кундалик матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг айтишича, Пекин ҳар доим Фаластин масаласида адолат ва халқаро ҳуқуқ тарафдори.
“Хитой халқаро ҳамжамиятнинг Фаластин масаласида адолатга эришиш ва халқаро ҳуқуқ нуфузини ҳимоя қилишга ҳисса қўшадиган барча ташаббусларини қўллаб-қувватлайди”, дейди Линь Цянь.
ТИВ расмийсининг таъкидлашича, Ғазода можаро ва мисли кўрилмаган гуманитар инқироз ҳали ҳам давом этмоқда. Линнинг қўшимча қилишича, энг муҳим устувор вазифа зудлик билан сўзсиз ўт очишни тўхтатишга эришиш ва гуманитар инқирозни юмшатиш чораларини кўришдир.
Унинг сўзларига кўра, Хитой тинч аҳолига қарши қонунни, жумладан, халқаро гуманитар ҳуқуқни бузадиган барча ҳаракатларни қоралайди.
“Умид қиламизки, Халқаро жиноий суд объектив ва адолатли позицияни эгаллайди, қонунга мувофиқ ўз бурчини бажаради ва Рим статутини ва халқаро ҳуқуқни ягона стандартларга мувофиқ виждонан ва бир хилда қўллайди”, дея қўшимча қилди дипломат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро жиноий суд Биньямин Нетаньяху ва Йоав Галантга нисбатан Ғазо секторидаги эҳтимолий ҳарбий жиноятлар учун ҳибсга олиш ордерлари чиқарган эди. Суд ордерларни беришда Исроилнинг юрисдикцияга қарши далилларини рад этган. Шундан сўнг бир қатор мамлакатлар, хусусан, Буюк Британия, Канада ва Нидерландия агар Биньямин Нетаньяху мамлакат ҳудудига келса, уни Халқаро жиноий суд ордери бўйича ҳибсга олишини билдирган. АҚШ эса ХЖС қарорини қоралаган. Кремль воизи Дмитрий Песков эса ХЖС ҳаракати бирор нарсага ёрдам бериши даргумон эканини айтди.
LiveБарчаси