Канада ва Буюк Британия ҳам Нетаньяхуни ҳибсга олишга тайёрлигини билдирди
Олам
−
22 Ноябрь
4553Буюк Британиянинг Лейбористлар ҳукумати Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва ушбу давлатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галант мамлакатга келган тақдирда уларни Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан чиқарилган ордер доирасида ҳибсга олишга тайёр. Бу ҳақда Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер идораси вакилига таяниб, “The Times” нашри хабар берди.
“Ҳукумат ўзининг ҳуқуқий мажбуриятларига риоя қилади”, дейди манба.
Шунингдек, Канада ҳам ХЖС томонидан Биньямин Нетаньяху ва Йоав Галантнинг ҳибсга олиниши бўйича чиқарилган ордерни бажаришини тасдиқлади. Агар улар Канада ҳудудига ташриф буюрса, ордер ижро этилади. Бу ҳақда Канада Бош вазири Жастин Трюдо маълум қилди.
Трюдога кўра, Канада халқаро судларнинг барча кўрсатма ва қарорларини бажаришни мажбурият деб билади.
“Биз халқаро судларнинг барча буйруқ ва қарорларини бажарамиз”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро жиноий суд Биньямин Нетаньяху ва Йоав Галантга нисбатан Ғазо секторидаги эҳтимолий ҳарбий жиноятлар учун ҳибсга олиш ордерлари чиқарган эди. Шундан сўнг, Нидерландия агар Биньямин Нетаньяху мамлакат ҳудудига келса, уни Халқаро жиноий суд ордери бўйича ҳибсга олишини билдирган.