Халқаро масалалар, энергетика. Путин ва Си Цзиньпин нималар ҳақида гаплашади?
Олам
−
14 Декабрь 2021
5175Аввалроқ, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин ва Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг 15 декабрь куни видеоалоқа орқали суҳбатлашиши ҳақида хабар бергандик.
Путин Си Цзиньпин билан халқаро масалалар, шунингдек энергетика масалаларини муҳокама қилади. Бу ҳақда Россия етакчисининг Матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
Аввалроқ Кремлда хабар қилинганидек, давлат раҳбарлари 2021 йилда Россия-Хитойнинг ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича қўшма ишлар якунларини сарҳисоб қилади ва келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига тўхталиб ўтади.
“Халқаро масалаларда, айниқса Европа қитъасидаги вазият ҳақида сўз боради”, деган Песков журналистларга.
Унинг қўшимча қилишича, анъанавий тарзда минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилади. Лидерлар Хитойга газ етказиб бериш ва янги шартномалар мавзусига тўхталиб ўтмайдими, деган саволга Песков “энергетика мулоқоти албатта кун тартибида бўлади”, деган.
Матбуот котибининг сўзларига кўра, музокараларда асосий ўринни икки томонлама муносабатлар, жумладан, юқори технологиялар, қўшма сармоя ва савдо соҳасидаги ҳамкорлик эгаллайди.
Маълумот ўрнида, етакчиларнинг бундан олдинги учрашуви ҳам онлайн тарзда ўтказилган. У жорий йилнинг 28 июнь куни бўлиб ўтган ҳамда Россия ва Хитой ўртасида имзоланган Яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг 20 йиллигига тўғри келган.