Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистондаги янги қонун лойиҳасини рад этишга чақирди
Олам
−
10 Июнь 2023
9748Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон парламентини нодавлат ташкилотлар фаолиятига тўсқинлик қиладиган қонун лойиҳасини рад этишга чақирди. Бу ҳақда кеча, 9 июнь куни эълон қилинган ташкилот баёнотида айтилди.
Кўриб чиқилаётган қонунга кўра, агар нодавлат ташкилотлар хориждан маблағ олиб, сиёсий фаолият билан шуғулланса, Адлия вазирлигида “хорижий вакил” сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт бўлади.
Айтиш жоизки, жорий йилнинг 19 май куни депутатлар Қирғизистон Республикасининг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун рўйхатга олган. Ҳужжатда хориждан грант оладиган нотижорат ташкилотларга “хорижий агент” мақоми берилиши назарда тутилган.
Қайд этилишича, қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаганлик ташкилот фаолияти, шу жумладан, банк операцияларини олти ойгача ёки рўйхатдан ўтказилгунга қадар тўхтатилишига олиб келиши мумкин.
HRW’га кўра, бу талаб хориждан маблағ олувчи гуруҳларни обрўсизлантириш ва қоралашга қаратилган бўлиб, у мамлакатда фуқаролик жамияти аллақачон ҳужумга учраган бир пайтда унга совуқ таъсир кўрсатиши мумкин.
“Қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга тўғри келмайди, бирлашиш ва сўз эркинлигини чеклайди, айрим ҳолларда нодавлат ташкилотлар ва уларнинг ходимларини жиноий жавобгарликка тортади. Қонун лойиҳаси Қирғизистондаги фаол фуқаролик жамиятига жиддий таҳдид солади. Уни қайтариб олиш керак”, дейди Human Rights Watch'нинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Сийнат Султоналиева.
Таъкидланишича, қонун лойиҳасида “давлат сиёсатини ўзгартириш ва шу мақсадларда жамоатчилик фикрини шакллантиришга қаратилган ҳаракатлар” сифатида таърифланган сиёсий фаолиятнинг ноаниқ ва ҳаддан ташқари кенг таърифи сўнгги бир йилда бирлашиш ва сўз эркинлиги тобора кўпроқ ҳужумга учраган Қирғизистон Республикасида фуқароларнинг фаоллигига алоҳида хавф туғдиради.
“Бу чоралар Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари, демократия ва ижтимоий адолатни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайдиган ташкилотларнинг овозини ўчириш билан таҳдид қилмоқда”, дейилади баёнотда.
HRW’нинг билдиришича, ушбу ҳужжат Қирғизистоннинг республика аъзо бўлган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт бўйича олган мажбуриятларига зиддир.
Ҳуқуқ фаоллари Қирғизистон Республикасининг халқаро ҳамкорлари, хусусан, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қонуннинг салбий оқибатларидан ўз хавотирларини ошкора изҳор этишлари ва Президент Садир Жапаровни агар қонун парламент томонидан қабул қилинса, уни имзоламасликка чақириши керак, деб ҳисоблайди.
“Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, республикадаги фуқаролик жамияти ташкилотларини тўхтатувчи таъсир кўрсатади, уларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш, кучли ва инклюзив жамият ривожланишига ҳисса қўшиш имкониятларини чеклайди. Натижада Қирғизистон Республикасининг халқаро обрўсига путур етади”, дея қўшимча қилган Сийнат Султоналиева.
Маълумот учун, мазкур қонун лойиҳаси дастлаб 2022 йилнинг ноябрь ойида депутат Нодира Норматова томонидан жамоатчилик муҳокамасига киритилган, бироқ кейин қайтариб олинган. Жорий йилнинг май ойида унга яна 32 депутат ҳам ҳомий сифатида қўшилган ва қонун лойиҳаси парламентга қайта киритилган.
Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш қонун ўтган йили Россияда қабул қилинганди. Шу йилнинг март ойида эса Грузияда хорижий агентлар тўғрисидаги қонун кун тартибига чиқди, бунинг ортидан эса Тбилисида норозилик намойишлари авж олди. Намойишлар фонида қонун лойиҳаси парламентда рад этилди. Март ойи ўрталарида “Politico” нашри Европа Комиссияси ҳам хорижий агентлар тўғрисидаги қонуннинг Европача версиясини тайёрлашга киришганини хабар берди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь