Еврокомиссия хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаяпти
Олам
−
13 Март 2023
3327Европа Комиссияси хорижий агентлар тўғрисидаги қонуннинг Европача версиясини тайёрлашга киришди. Бу ҳақда бугун, 13 март куни Politico нашри хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги кунларда Еврокомиссия раҳбарининг қадриятлар ва шаффофлик бўйича ўринбосари Вера Юрова топшириғи билан лобби ва нодавлат ташкилотлар ўртасида сўров ўтказиш бошланган. Унда ушбу ташкилотлар Европа Иттифоқи ташқарисидан молиялаштириладими ёки йўқми деган савол ўрганилган. Бундай ҳаракат Брюсселдаги шундай ташкилотлар орасида ваҳима уйғотган.
Ташкилотчиларнинг айтишича, Еврокомиссияга бу сўров Европа Иттифоқи институтлари фаолиятига чет эл аралашувига қарши бўлажак қонунчиликни ишлаб чиқиш учун керак. Вера Юрова эса бу нормалар 2024 йилнинг кузида бўладиган Европарламентга сайловлар учун тайёрланиши зарур эканини айтган.
Турли ҳисоб-китобларга кўра, Брюсселда рўйхатдан ўтган лобби ташкилотларида минглаб юқори маош оладиган ходимлар ишлайди ва бу муассасаларнинг эълон қилинган йиллик айланмаси юзлаб миллион долларни ташкил қилади.
Маълумот учун, лобби ташкилотлари маълум бир манфаатларни кўзлаб, баъзан мансабдор шахсларни сотиб олиш йўли билан ўз мижозларини қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолият юритади. Лоббистлар ўз ҳимояси остидагиларга катта фойда берадиган давлат буюртмалари, кредитлар, ёрдамлар, имтиёзлар, лицензиялар олишда, иқтисодий ва тижорат фаолиятида, янги корхоналар очиш ва уни рўйхатдан ўтказишда, рақобатчиларни синдиришда қулай шароитлар яратишга кўмаклашади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Грузияда хорижий агентлар тўғрисидаги қонун кун тартибига чиққан, бунинг ортидан эса Тбилисида норозилик намойишлари авж олган эди. Намойишлар фонида қонун лойиҳаси парламентда рад этилганди.
LiveБарчаси