Грузияликлар жосуслик ҳақидаги қонунга қарши намойишга чиқди. Президент халқ томонда (видео)
Олам
−
08 Март 2023
6365Кеча, 7 март куни Грузия парламентида “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилганидан сўнг қонунга қарши бўлган кўплаб одамлар намойишга чиқди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳаси Грузиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш умидига путур етказишидан қўрққан минглаб намойишчилар пойтахт Тбилиси марказида йиғилган. Улар парламент биносини тўсиб қўйган. Намойишчиларни тарқатиш учун келган полицияга молотов коктейли ва тошлар улоқтирилган. Полиция эса сув пуркагич ва кўзни ёшлантирувчи газдан фойдаланган.
Манбага кўра, янги қонун иқтидордаги “Грузия орзуси” партияси томонидан қўллаб-қувватланган. Унга кўра, маблағининг 20% дан ортиғини хориждан оладиган ҳар қандай ташкилот “хорижий агент” сифатида рўйхатдан ўтиши талаб қилинади, акс ҳолда у катта миқдорда жаримага тортилади. Танқидчилар мазкур қонун Россияда 2012 йилда ўзгача фикрни бостириш учун қўлланилган қонунни эслатишини айтган.
Мамлакат Президенти Саломе Зурабишвили намойишчилар билан бирга экани, қонун лойиҳаси тасдиқдаб ўтиш учун унинг маъмуриятига келганда, унга вето қўйишини билдирган. Бироқ қонунчиликка кўра, парламент унинг ветосини ҳам бекор қилиши мумкин.
“Сиз эркин Грузия, ўз келажагини Ғарбда кўрадиган Грузия вакилисиз ва ҳеч кимнинг бу келажакни тортиб олишига йўл қўймайсиз. Бу қонун ҳеч кимга керак эмас. Бу қонунга овоз берган ҳар бир киши конституцияни бузган”, дейди ҳозирда расмий ташриф билан АҚШда бўлиб турган Грузия раҳбари.
Бироқ ҳозирда Берлинда бўлиб турган мамлакат Бош вазири Ираклий Гарибашвили сўзга чиқиб, қонунни қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган. Чет эл агентлари ҳақидаги таклиф этилаётган қоидалар “Европа ва жаҳон стандартларига” жавоб беришини айтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ мазкур қонун лойиҳаси парламентда кўриб чиқилаётганда депутатлар узоқ жанжаллашган, ҳатто, муштлашиб кетган эди.
LiveБарчаси