Халқаро гимнастика федерацияси номини ўзгартирди
Спорт
−
10 Декабрь 687 2 дақиқа
Халқаро гимнастика федерацияси (FIG) ўз номини расмий равишда ўзгартирди. Эндиликда федерация Жаҳон гимнастикаси номи остида фаолият юритишини эълон қилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Кутилган ребрендинг доирасида ташкилот янги логотип, визуал идентификация ва замонавий бренд концепциясини тақдим этди. Мазкур ўзгариш “гимнастиканинг оммавий иштирокидан тортиб, элита даражадаги халқаро мусобақаларгача бўлган барча фаолиятни тўлиқ акс эттириш” мақсадини кўзлаган.
“Жаҳон гимнастикаси бизнинг вазифамизни аниқ ва мақсадли ифодалайди. Бу ном спортчилар, мураббийлар, мухлислар ва ҳамкорлар учун глобал марказ сифатидаги ролни мустаҳкамлайди. Бу ўзгариш оддий ребрендингдан анча кенгроқ жараён”, дейди ташкилот президенти Моринари Ватанабэ.
Ўзгаришлар жараёнида спортчилар, миллий федерациялар, мухлислар ва глобал ҳамкорлар билан кенг маслаҳатлашувлар олиб борилган. Ребрендингнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат бўлди:
- Спортчи манфаатлари ва хавфсизлигини устувор қилиш;
- мухлислар иштирокини кучайтириш ва тадбирларнинг жозибадорлигини ошириш;
- глобал қамровни кенгайтириш;
- барча йўналишлар бўйича ривожланиш йўлларини аниқ белгилаш.
Маълумот учун, Халқаро гимнастика федерацияси халқаро спорт ташкилотлари ичида дунёдаги энг қадимий спорт ташкилоти ҳисобланади. Федерация 1881 йилда тузилган бўлиб, дастлаб Европа гимнастика федерацияси номи билан аталган. Бунга сабаб ташкилотда илк йилларда фақат учта давлат: Белгия, Франция ва Нидерландия аъзо бўлган. 1921 йилда Европадан ташқари давлатлар қўшила бошлагач, федерация Халқаро гимнастика федерацияси (FIG) номини олган. Шу тариқа, 104 йилдан сўнг FIG янги даврга қадам қўймоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро теннис федерацияси (ITF) ўзининг йиллик умумий йиғилишида ташкилот 2026 йилдан бошлаб “World Tennis” номи остида фаолият юритишини маълум қилган эди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь