Кейптаунда “BRICS дўстлари” вазирлар йиғилиши очилди

Олам

image

Бугун, 2 июнь  Жанубий Африканинг Кейптаун шаҳрида “BRICS дўстлари”нинг Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги учрашуви очилди. Йиғилишда BRICS’га аъзо давлатлар ва глобал жанубнинг бошқа 12 давлатининг Ташқи ишлар вазирлари иштирок этмоқда. Бу ҳақда Жанубий Африка Ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазири Наледи Пандор маълум қилди.

“Биз ушбу йиғилишга BRICS'га аъзо бўлишдан манфаатдор бўлган давлатларнинг Ташқи ишлар вазирларини таклиф қилдик. Биз ҳали ҳам ушбу мамлакатларнинг институционал ривожланиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилмоқдамиз. BRICS ва BRICS’га киришга интилаётган мамлакатларни мунозаралардан четда қолдирмаслик муҳим деб ҳисоблаймиз”, деган Пандор. 

Таъкидланишича, жорий учрашув чоғида BRICS’ни кенгайтиришнинг бир қанча формулалари кўриб чиқилмоқда. Улардан бирида BRICS Янги Тараққиёт Банки орқали иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга устувор аҳамият берилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, банкка қабул қилинган мамлакатлар BRICS гуруҳининг турли форматларида гуруҳга расман қўшилмаган ҳолда иштирок этишлари мумкин бўлади. Яна бир концепция мамлакатларни BRICS’га ассоциациянинг доимий аъзолари сифатида қабул қилишни назарда тутади.

Айтиш жоизки, кеча, 1 июнь куни BRICS Ташқи ишлар вазирларининг ишончли вакиллари гуруҳни кенгайтириш концепциясини кўриб чиқиб, уни қайта кўриб чиқиш учун юборишга қарор қилган.  Пандорнинг айтишича, тегишли ишлар тезда якунланади ва концепция август ойида Йоханнесбургда очиладиган BRICS саммитига тайёр бўлади. 13 давлат BRICS’га аъзо бўлиш учун расмий ариза топширган.

Жанубий Африка Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё ва BRICS бўйича махсус элчиси Анил Суклал эса BRICS’га қўшилиш учун 30 га яқин давлат ариза берганини таъкидлаган. Унга кўра, сўровлар ҳам расмий, ҳам норасмий бўлиб, BRICS’га янги аъзоларни қабул қилиш тартиби ва мезонларига аниқлик киритиш учун мўлжалланган. 

Маълумотларга кўра, Жазоир, Аргентина, Афғонистон, Бангладеш, Баҳрайн, Беларусь, Венесуэла, Миср, Зимбабве, Индонезия, Эрон, Қозоғистон, Мексика, Нигерия, Никарагуа, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Саудия Арабистони, Сенегал, Сурия, Судан, Таиланд, Тунис, Туркия ва Уругвай BRICS’га аъзо бўлишдан манфаатдор эканини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Саудия Арабистони BRICS'нинг Янги тараққиёт банкига тўққизинчи аъзо сифатида қўшилиш бўйича музокаралар олиб бораётгани айтилганди. Бразилия Президенти Луиз Инасиу Лула да Силва эса Венесуэланинг BRICS’га қўшилиши тарафдори эканини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Африка BRICS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг