“Ёпиқ суд синдроми”. Гулнора Каримованинг иши нега очиқ судда кўрилиши керак?
Таҳлил
−
07 Январь 2020
19991Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Биринчи Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – собиқ Фонд Форум васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримовага тегишли яна бир жиноий иш тергови якунланиб, иш судга оширилгани хабар қилинди. Хўш, суд Гулноранинг ишини ёпиқ тарзда кўрадими?
Ёпиқ суд ўзи нима?
Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасида шундай дейилган:
“Ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади”.
Жиноят-процессуал кодекси 19-моддасига биноан, “Барча судларда жиноят ишлари ошкора кўрилади, бундан давлат сирларини қўриқлаш манфаатларига зид келадиган ҳоллар, шунингдек жинсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар кўрилаётган ҳоллар мустасно”, дейилган. Яъни икки ҳолатда ишлар ёпиқ суд учун асос бўлиши мумкин. Жинсий эркинлик бўйича ишлар тушунарли. Давлат сирлари масаласи-чи?
Давлат сирлари нима?
Давлат сирлари деган тушунчага “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонунда тўхталиб ўтилган. Қонуннинг 3-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари – давлат, ҳарбий ва хизмат сирларини қамраб олади.
Ошкор этилиши республика ҳарбий-иқтисодий имкониятларининг сифат ҳолатига салбий таъсир этиши ёки Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги, иқтисодий ва сиёсий манфаатлари учун бошқа оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган маълумотлар давлат сирини ташкил этади”, дейилган.
Ёпиқ судлар синдроми
Сўнгги вақтларда "каттакон" амалдорларнинг суд ишлари, уларга қўйилган айбловлар жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Бироқ уларнинг барчаси очиқ судни кўриш "бахтига муяссар бўла олмади".
Рашид Қодиров иши – собиқларданда собиқ Бош прокурор суд ҳукми билан 10 йил муддатга "кесилди". Суд “Давлат сирлари тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилди.
Ихтиёр Абдуллаев – собиқ ДХХ раиси ҳарбий суд томонидан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Бу икки мулозимнинг эгаллаб турган лавозимини ҳисобга олинса, давлат сири дея урғуланиб, ёпиқ судда кўрилиши унчалик ҳам мантиққа зид эмас. Бири собиқ Бош прокурор ва Конституциявий суд судъяси, иккинчиси собиқ Бош прокурор ва ДХХ раиси. Лекин, Гулнора Каримова ҳолатида-чи?
"Гугууш"нинг иши
Гулнора Каримова ишида масала бошқачароқ. Куни кеча унга нисбатан қўзғатилган ва судга оширилган иш бўйича маълумотда шундай дейилади:
“Бош прокуратура томонидан жиноий уюшма таркибида товламачилик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва чет эл давлатларда жиноий даромадларини легаллаштириш каби жиноятларни содир этган Гулнора Каримова ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари якунланди”.
Ушбу ҳолатдан сўнг ҳам, ёпиқ суд тарзида "ойни этак билан ёпиладими?" Бюджет деб аталмиш халқнинг солиқларидан шаклланадиган ғазнани талон-тарож қилиниши бўйича бўлғуси бу машварат нега халқнинг “кўзидан пана қилиниши” керак?
Гулнора Каримованинг айни вақтда олдинги жиноий иши бўйича 1 млрд 394,1 млн АҚШ доллари, 63,5 млн евро, 27,1 млн фунт ва 18,5 млн франк миқдордаги легаллаштирилган маблағлари аниқланган.
Булар:
Швейцарияда – 777,8 млн АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ва Колони шаҳрида нархи 18,5 млн франк бўлган кўчмас мулк (вилла);
Швецияда – 30 млн АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари;
Буюк Британияда – 4,2 млн фунт миқдорида пул маблағлари, Лондон шаҳрида умумий нархи 22,9 млн фунтлик уй-жойлар, квартиралар ва виллалар;
Франциянинг Париж шаҳрида – квартиралар ва “Шато де Грусси” қасри, Сантропе шаҳрида – вилла (умумий нархи 52,5 млн евро);
Латвияда – 16,5 млн АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари ва қимматли қоғозлар, Рига шаҳрида парк ҳудудидаги умумий нархи 9 млн евро бўлган кўнгилочар марказ;
Ирландияда – 300 млн АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари ва қимматли қоғозлар;
Мальта оролида – нархи 48,8 млн АҚШ доллари бўлган самолёт;
Германияда – 2 млн евро миқдоридаги пул маблағлари;
Испанияда – 82 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари;
Россияда – 6 млн АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари, умумий нархи 2 млн АҚШ доллари бўлган Москва шаҳри “Камелот” турар жой комплексидаги “пентхаус”, “Рублевка” массивидаги ҳашаматли турар жой ва 8 та квартира, Ялта шаҳридаги меҳмонхона комплекси, турар жой ва ер участкаси;
Гонконгда – 67 млн АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари, “The Arch” осмонўпар биносида нархи 15 млн АҚШ доллари бўлган “пентхаус”;
Бирлашган Араб Амирлигида – 32 млн АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари, 31,5 млн АҚШ доллари миқдоридаги олтин ва олтин сертификатлари, Дубай шаҳрида умумий нархи 67,4 млн АҚШ доллари бўлган “пентхаус”, 2 та вилла ва 2 та меҳмонхона комплекслари аниқланган.
Бу сафарги маблағ эса 165 млн АҚШ доллари ва 85 млрд сўмдан кўпроқ деб айтилмоқда.
Хорижий ҳамжамият эътибори
Бу масала нафақат Ўзбекистон, балки хорижий ҳамжамиятнинг ҳам доим диққат марказида туради. “Коррупция маликаси”нинг хорижга чиққан маблағлари устида бир ёки икки давлат эмас, бир неча мамлакат ҳукуматлари бош қотирмоқда. Бош прокуратура томонидан қайд этилишича, Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда АҚШ, Швейцария, Франция, Россия Федерацияси ва Латвия каби хорижий давлатлар билан Гулнора Каримованинг жиноий йўллар орқали топган ва ушбу давлатларнинг айримларида жиноят ишлари доирасида 1,3 млрд АҚШ доллардан ортиқ даромадларини қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу дегани масаланинг моҳияти ушбу давлатларга ҳам қизиқдир.
Гулнора Каримовага нисбатан жиноят иши гарчи отаси ҳаётлик чоғида, 2013 йилдаёқ очилган бўлса ҳам, 2017 йилгача сир сақлаб келинган эди. Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари (165, 167, 168, 178, 179, 182, 184, 189, 227, 228, ва 243-моддалар) билан айблов эълон қилинган. Бу иш биринчи навбатда билиши лозим бўлган – халқдан яширилган.
Жорий йил 9 июль куни Гулнора Каримованинг Франциядаги мулкларини мусодара қилиш бўйича қарор кучга кирган. Франция ҳукуматининг Каримова мулкларини мусодара қилиши Швейцарияда олиб борилаётган жиноят иши натижасида қабул қилинган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан 2017 йил декабрь куни имзоланган ҳужжатга кўра, Гулнора Каримова АҚШнинг “қора рўйхат”ига киритилган ва санкция олган. Бу “Магнитский акти” доирасида амалга оширилган эди.
Энди шу ўринда савол туғилади: бюджет маблағларини, яъни халқ пулларини талон-тарож қилган ва халқаро ҳамжамият эътиборида турган шахснинг иши ёпиқ судда кўрилиши қанчалик тўғри? Яна бу шахс давлат амалдори бўлмаса, у қандай давлат сирларини билиши мумкин?
QALAMPIR.UZ воқеалар ривожини кузатиб боради.